Мирзиёев Жанубий Кореяга ташрифини бошлади

Шавкат Мирзиёев
Сурат тагсўзи, Бу Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида Сеулга илк сафаридир.
Published

Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борган.

Бу унинг давлат раҳбари сифатида Сеулга илк сафаридир.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва тижорий шерикларидан бири ҳисобланади.

Ташриф давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилгани хабар қилинади.

Шунингдек, унинг кореялик йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон - Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши ҳам кутилмоқда.

Ташриф давомида имзоланадиган шартномалар қийматига доир расмий маълумот йўқ.

Мирзиёев бундан аввал Туркия, Хитой ва Россиядан кўп миллиард долларлик сармоявий шартномалар билан қайтган эди.

Президентнинг рафиқаси билан Сеул аэропортида қаршиланаётгани акс этган расмий суратдаги самолёт ранги Алишер Усмоновнинг Burkhan учоғидан фарқ қилади.

Аммо парвозларни қайд этувчи Flightradar24.com маълумотларига кўра, миллиардер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи 21 ноябр куни кеч соатларда пойтахт Сеулнинг йўлдош шаҳри бўлган Соннамга қўнган.

Аввалроқ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ушбу учоқ давлат раҳбарининг хорижий сафарлари учун ижарага олинганини маълум қилганди.

Аммо нима учун айнан Усмоновнинг учоғи ижара олингани борасидаги саволлар очиқ қолмоқда.

Бундан аввал Президент Мирзиёев АҚШ, Сочи ва Анқара саммитларига айни учоқда сафар қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002