Қирғизистон: Ўш ёшлари "Дўстлик юриши"ни ўтказишди

- Author, Мўмин Бекзод,
- Role, Би-би-си, Жанубий Қирғизистон
- Published
Ранг-баранг ҳаво шарлари, турли халқлар либослари, тотувлик, бирдамликка чорловчи шиорлар. Шодон чеҳралар…
Ўш ешлари шахар марказий кўчаларида "Дўстлик юриши"ни ўтказишди.
Бир неча юз талаба ва ишчи-хизматчи қатнашган ушбу намойиш 26 маҳаллий жамоатчилик ташкилоти томонидан «Оқ хизмат» ёшлар бирлашмаси ташаббуси билан ўтказилган.
"Шиоримиз-"Тотувлик-туман бойлик", ахир бирдамлик барча эзгу ишлар, пок ниятлар гарови, - деди Би-си-си билан суҳбатда «Оқ хизмат» бирлашмаси жамоатчилик кенгаши аъзоси Руслан Ташанов.
"Максадимиз-одамларга хуш кайфият, рухий тетиклик, маънавий поклик бахш этиш. Сўнгги икки ой мобайнида минтақамизда нотинчликлар юз берди. Одамлар яхши ўй-туйғуларни қўмсаётир. Ўйлаб кўрсам, дўстлик, тотувлик туйғулари нозик нарса экан, ушбу қадриятларни чақалоқни эъзозлагандай парваришлаш, ўстириш, улғайтириш даркор экан", дейди Руслан.
Юриш иштирокчиларидан бири Дилмурод Эшонов ўлкада барқарорликни таъминлаш ишларида ёш авлоднинг соғлом қатламларига таяниш зарурлигини айтади.
"Миллатчиларга йўл йўқ" шиоримиз остида турли элатлар вакилларидан бўлган менинг барча дўстларим имзо чекиши мумкин", дейди Дилмурод.
Ирода исмли талаба қиз сиёсатдан узоғлигини, бу юришга тинчлик, осойишталикни ўйлаб чиққанини айтади.
Тадбир Ўш шаҳар марказий майдонида якунланиб, унинг иштирокчилари маҳаллий болалар ҳамда қариялар уйларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатдилар.
Ёшлар шаҳар мэриясига мурожаат қилиб, 27 май кунини "Халқлар дўстлиги ва тотувлиги куни" сифатида нишонлашни таклиф этишди.
"Оқ хизмат" ҳар йилнинг ушбу куни дўстлик тадбирлари ўтказишни режалаган.
Айтилган юриш Ўш ва Жалолободда сўнгги ҳафталарда юз берган нохуш воқеалар ортидан миллатлараро бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида кўрилаётган чоралардан биридир.
Маҳаллий давлат идоралари, ўз-ўзини бошқарув тизимлари ҳамда нодавлат ташкилотлари аҳолининг турли қатламлари вакиллари учрашувлари, авлодлар мулоқотлари, кўнгилочар тадбирлар ўтказаётир.
Шу кунларда масжидлар аҳли Аллоҳдан тинчлик-осойишталик сўраган ҳолда эҳсон-нонушталар ташкил қилган.
Чоршанба куни Қирғизистон жанубига ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Жорж Крол у ердаги расмийлар ва ўзбек жамоаси раҳбарлари билан учрашган.
Учрашувлар чоғида Ўш ва Жалолободдаги вазият муҳокама қилингани айтилади.
Аввалроқ Бишкекда журналистларга гапирган Америка дипломати Қўшма Штатлар Қирғизистонга кўпрок ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
Айни пайтда Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати раҳбари Роза Отунбаева мамлакат жанубидаги вазиятнинг нормаллашаётганини айтган.
Би-би-си Қирғиз хизматига эксклюзив интервюсида Отунбаева хоним муваққат ҳукуматнинг асосий вазифаси хавфсизлик ва тартибни ўрнатиш бўлиб қолаётганини айтган.
SMS рақамимиз: +447786201124































