Тожикистонда ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради

Тожикистон Миллий гвардиясига кўра, вертолёт ҳалокатида 4 инсон нобуд бўлган, яна 3 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Фожеа чоршанба куни эрталаб мамлакат шарқида жойлашган Рашт туманидаги Ғарм ҳаво қўнолғаси яқинида юз берган. Жароҳатланганлар ҳозир шифохонага ётқизилган.
Ғарм нотинч Рашт водийсидаги асосий шаҳардир. Ҳозир ҳукумат қўшинлари худди шу туманда Исломий жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб боришмоқда.
'Ҳалокат сабаби аниқ эмас'
Тожикистон Миллий гвардияси матбуот котибаси Хайринисо Комилова вертолёт ҳалокатида 4 инсон нобуд бўлганини тасдиқлади.
"Тўрт киши ҳалок бўлган ва уч киши эса, оғир аҳволда. Ҳалок бўлганлар аллақачон Душанбега етказилди", деб айтган Комилова хоним.
Тожикистон миллий гвардияси матбуот хизматида кўра, халокат техник носозлик туфайли юз бергани эҳтимоли катта, лекин ҳали асл сабаб аниқлангани йўқ.
"Аниқ бўлганида биз ҳаммасини сизларга айтамиз. У ерда бизнинг муҳим объектларимиз бор. Биз ўшаларни қўриқлаймиз. Улар хизмат вазифасини бажараётган бўлганлар", дея қўшимча қилган Хайринисо Комилова.
Махсус ҳайъат тузилиб, ҳалокат юзасидан текширув ишлари бошлагани хабар берилади.
1-октябрда ҳам Тожикистон ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бир вертолёт фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Бунда икки тахмин - вертолёт паррагининг чўққига урилиши ва ё снарядддан шикастлангани илгари сурилганди.
Ўтган ҳафтада юз берган вертолёт ҳалокатида қурбонлар бўлмаганди.
Уйлар вайронага айланган
Айни вақтда жанглар давом этаётган Камароб дарасидаги қишлоқларда уй-жойлар вайронага айланган ҳоллари борлиги тасдиқланди.
Тожикистон Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги матбуот котиби Дўстмурод Забировнинг маълум килишича, вазирлик бундай хўжаликларга ёрдам берган.
"Зарарни аниқлашди ва 80 тонна қурилиш материалларини жанглар оқибатида бузилган бешта хонадонга етказилди", деди Дўстмурод Забиров.
Унинг айтишича, 3 хонадон бутунлай вайронага айланган ва яна 2 жойда айрим бинолар бузилган. Жаноб Забиров тинч аҳоли орасида ҳаётдан кўз юмганлар борми-йўқлиги борасида маълумот йўқлигини айтади.
Ўтган ой худди ҳудудда ҳарбий карвонга қарши пистирма уюштирилган ва камида 25 нафар армия зобитлари ва аскарлар ўлдирилганди.
Ҳукумат бунда Бирлашган тожик мухолифати собиқ дала қўмондонларини айблаган.
Ундан олдироқ эса, Душанбе марказидаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочишга муваффақ бўлганди.
Маҳбуслар исломий жангарилар экани, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини адо этаётган бўлганликлари маълум қилинган.































