Қозоғистон конларидаги хавфсизлик вазияти қониқарлими?

Қозоғистон жаҳондаги кўп кўмир ишлаб чиқарувчи 10 давлатдан бири
Сурат тагсўзи, Қозоғистон жаҳондаги кўп кўмир ишлаб чиқарувчи 10 давлатдан бири
    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма Ота
  • Published

Қозоғистон жаҳонда ахоли жон бошига кўмир ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринда туради. Мамлакатда бу йил 66 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш кутилмоқда. Шу билан бирга Қозоғистон ривожланган давлатларга нисбатан кончиларнинг ўлими борасида ҳам юқори ўринларда туради.

Деярли ҳар йили Қозоғистоннинг олис конларидан турли омиллар сабаб одамларнинг ҳалок бўлгани борасида хабар келиб туради. Мамлакатдаги сармоядорлар техника хавфсизлиги борасида кенг кўламли ишлар қилаётганини айтаётган бўлсалар-да, одамларнинг жароҳат олиши ёки вафот этиши йилдан-йилга камаймагани айтилади.

Бундан тўрт йил олдин Галина Сальцеванинг 32 ёшли ўғли Игор конга ишлаш учун кетиб, уйга унинг жасадини қайтаришган. Галина Сальцева ўғлини ёдга олганда, кўз ёшларини тия олмайди. Унинг орзулари мўл эди, уйлантириб невара бахтини кўришни истаганди. Игор унинг ишонган тоғи эди. Энди эса бир қизи ва турмуш ўртоғи билан Игорни хотирлаб яшашмоқда.

2006 йилнинг 20 сентябр куни Ленин конида содир бўлган ҳалокат Игор дохил яна 40 кончининг умрига зомин бўлди.

- Ленин шахтасида бир нарса бўлипти деб эшитганимиздан сўнг, ўша томонга бордик. Ҳеч ким ҳеч нарса айтмади. Ҳаммаси сир сақланаётган эди. Аммо кейинчалик билсак, ҳамманинг ҳалок бўлганини улар олдинроқ билишган экан. Ўғлим биринчилардан бўлиб ҳаётдан кўз юмган. Аммо бошқаларга қараганда, унинг танаси бутунлигича сақланиб қолганди. Чунки у газдан заҳарланиб ўлган, - дейди Игорнинг онаси.

Сальцевлар оиласини Шахтинск шаҳрида ҳамма кончилар сифатида билади. Галина, унинг турмуш ўртоғи ва қайнотаси бу ерларда кўмир қазиб олиш билан тирикчилик қилишган.

Галина Сальцеванинг айтишича, комиссия хулосаларидан шу нарса маълум бўлганки, кончиларни ҳаво ҳайдаш ускунаси ишламаётган жойга юборишган.

- Раҳбариятнинг у ерга бошқа участканинг одамларини юборишга ҳаққи йўқ эди. Аммо улар у ерга одамларни ишлашга юборишган ва шамоллатиш ускунларини ўчириб қўйишган. Натижада газ тўпланиб қолган. Кейин диспетчер чироқларни ёққан. Натижада портлаш рўй берган, икки портлаш юз берган, - дейди Галина Сальцева.

Маҳкама ҳалокатга инсоний омил сабаб бўлган дея топган ва жавобгарларга қамоқ жазолари белгилади.

Шундан сўнг Қозоғистон бўйлаб кончиларнинг ишлаш шароитлардан норозилик акциялари бошланди.

Ишчилар иш ҳақларининг бир неча баробар кўтарилиши, нафақа ёшининг қисқартирилиши ва иш жараёнида жароҳат олганда ёки ҳалок бўлганда товон пулларининг қийматини кўтаришни талаб қилишди.

Галина Сальцеванинг ўғли вафот этганда, ширкат товон пули сифатида 50 минг доллар ва оиланинг Қарағанда шаҳрига кўчиб ўтиши учун 20 минг доллар берган.

50 йилдан бери бир уйда яшаб келаётган Сальцевларнинг айтишича, бу пулга ўша вақти шаҳардан уй олиб бўлмасди ва ўғлининг ўлими учун етарли пул беришни талаб қилиб тўрт йилдан бери маҳкамалар орасида сарсон бўлиб юришибди.

Техника хавфсизлиги қимматга тушадими?

Конлардаги бахтсиз ҳодисалар сони камайтирилишини даъво қилишади кончилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари
Сурат тагсўзи, Конлардаги бахтсиз ҳодисалар сони камайтирилишини даъво қилишади кончилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари

Қозоғистон жаҳондаги кўп кўмир ишлаб чиқарувчи 10 давлатдан биридир. Бу йил мамлакатда кўмир ишлаб чиқариш 66 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Аммо ушбу кўрсаткич Қозоғистон шўролардан ажралиб чиққан йилга нисбатан икки баробар кам. Мамлакатнинг 78 фоиз электр энергияси айнан кўмир воситасида ишлаб чиқилади.

Қозоғистон мустақилликка эришгач, кўмир ишлаб чиқариш саноатининг деярли ҳаммаси чет эллик сармоядорларга сотилди. Кузатувчилар айнан мустақиллик йилларида кўмир қазиб олиш ускуналарининг янгиланмагани ва бошқа сабаблар боис бахтсиз ҳодисалар кўпайганини айтишади.

Кончиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган "Кончилар оиласи" ҳаракати раҳбари Наталя Томилованинг айтишича, ишчиларнинг техника хавфсизлигини таъминлаш борасида ширкатлар қониқарли иш қилмаяптилар.

"Кўмир ҳажмини кўпайтирувчи техникалар, яъни фақатгина комбайнлар сотиб олинмоқда. Улардан ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун фойдаланишади. Қолган ускуналар 1970-, 1980-йилларда қандай бўлган бўлса шундайлигича қолган. Оддий курак ва бошқа анжомлар етишмайди. Бу ҳақда қайғуришмайди", дейди Наталя Томилова.

Владимир Жученко конда ишлаётган вақти жароҳат олган. Қарордан норози бўлиб олий маҳкамагача борган, аммо ҳануз муаммосига ечим топилгани йўқ. У иш пайтида жароҳат олганидан сўнг, тиббий хулосага кўра, фақат ер юзасида ишлашга рухсат берилган, компания раҳбарияти бунга рози бўлган. Бироқ директор Владимирнинг соғлиғига тўғри келмайдиган ишни таклиф қилган ва бош тортгач, ишдан бўшатган.

Мамлакатда бахтсиз ҳодисалар рўй бериши ортидан жамоатчилик танқидига учраб келаётган ширкатлардан бири “Миталл Стил Темиртау” компаниясидир. "Миталл Стил Темиртау" Қозоғистонда қазиб олинадиган кўмирнинг 12 фоизини ишлаб чиқаради. Ушбу ширкатда 40 мингдан ортиқ кончи ишлайди.

Компаниянинг 13 йиллик фаолияти давомида олти мингдан ортиқ ишлаб чиқариш жароҳати содир бўлган ва натижада 200 дан ортиқ кончи ҳалок бўлган.

Бироқ кончилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар жароҳат билан боғлиқ рақамларнинг пасайтириб кўрсатилаётганини айтишади.

Газ тўпланиб қолиши

Кончиларнинг маоши бундан тўрт йил олдин Абай конида содир бўлган ҳалокат натижасида бошланган оммавий норозилик намойишлари босимидан кейин бир неча маротаба кўтарилган. Ўша пайтда кончи 300 доллардан кўпроқ маош олган.

"Миталл Стил Темиртау" компанияси раҳбарияти маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервюларида ишчиларнинг ўртача маоши 800 доллар атрофида эканлигини ва ишчиларнинг ижтимоий таъминоти анча яхшилигини айтишади. Аммо кончиларга кўра бундай маошни олиш жуда ҳам қийин.

"Конга кирмасдан ишлайдиганлар 300 доллар атрофида маош олишади. Кондагилар эса 600 доллардан тортиб гоҳида минг долларгача ҳам олишлари мумкин. Бироқ бунинг учун жуда катта маҳорат талаб қилинади. Тартиб бузарларсиз ва ўта эҳтиёткорлик билан оғир ишларни қилиш керак. Агар сиз бирор тартибни бузсангиз, маошингиз қирқилаверади", дейди ҳозир ҳам конда ишлаётган Галина Сальцева.

Содир бўлаётган аксар ҳалокатларда, ҳукумат томонидан тузилган комиссия табиий омил сабаб бўлган деган хулосага келади. Бироқ мутахасисларга кўра, комиссия бу билан сармоядорларнинг айбдор бўлиши олдини олади холос. Аслида эса бахтсиз ходисаларнинг аксариятида инсон омили сабаб бўлади, дейди улар.

"Арселор Миттал Темиртау" ширкатига қарашли "Кузембаев" конида шу йилнинг 23 июн куни содир бўлган бахтсиз ходисада конда тўпланиб қолган газларнинг портлаши сабаб бўлгани ва бундай ҳолатда инсон ҳеч нарса қила олмаслиги айтилган.

Бироқ Қарағанда ишчилар ҳаракатининг фаоли Сакен Жунусовнинг айтишича, ҳукумат сармоядорлар билан шартнома тузаётганда, мана шундай газ тўпланган бўшлиқларни тозалашни шарт қилиб қўймайди. Мана шундай шартнинг битимда бўлмаганлиги боис бундан кейин ҳам тўпланиб қолган газларнинг портлаши ҳалокатларга сабабчи бўлиши мумкин.