'Имомали Раҳмон Тожикистон иқтисодини фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб бошқаради'

Махфий дипломатик ёзишмаларда Тожикистон ҳам коррупция ботқоғига ботгани айтилади
Сурат тагсўзи, Махфий дипломатик ёзишмаларда Тожикистон ҳам коррупция ботқоғига ботгани айтилади
Published

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов "Викиликс" нишонига олинаётган Марказий Осиёдаги ягона раҳбар эмас.

Аввалроқ Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевлар ҳаёти ва қарашлари ҳақида ҳам ёзишмалар чоп этилганди.

"Гардиан" газети Америка дипломатларининг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва оиласи ҳақидаги ёзишмаларига ҳам ўрин берган.

Ушбу ёзишмаларда Марказий Осиёнинг энг қашшоқ давлатидаги аянчли манзара чизилади.

АҚШ дипломатларига кўра, Тожикистон зилзила, тошқин ва қурғоқчилик сингари офатлардан азият чекади ва бир томондан муаммоли Ўзбекистон, иккинчи томондан эса, беқарор Афғонистонга қўшни.

Аммо Тожикистоннинг энг асосий муаммоси, АҚШ дипломатларининг таъбирича, унинг "сотқин президенти" Имомали Раҳмондир.

Душанбедаги АҚШ элчихонасининиг 2010 йил 16 февралида Вашингтонга йўлланган махфий телеграммасида Раҳмон Тожикистон иқтисодини фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб бошқариши ҳақида сўз боради.

"Мамлакатда бутун ҳокимият, прездентдан тортиб, бурчакдаги милиционергача, таниш-билишчилик ва коррупция ботқоғига ботган", дейилади ҳужжатда.

"Раҳмон ва унинг оиласи Тожикистоннинг энг йирик банки дохил, барча асосий корхоналарини назорат қилади. Улар ўзларининг бизнес манфаатларини зўр бериб ҳимоя қиладилар ва мамлакат иқтисодига етадиган зарар билан ишлари йўқ. Хорижий элчилардан бири айтгани каби, президент Раҳмон "100 доллардан 30 фоиз улуш олгандан кўра, 10 долларнинг 90 фоизини олишни афзал билади".

Тожикистоннинг бутун саноат экспорти, бу-алюминий ва гидростанциялар чиқарадиган электр қувватидир. Аммо техник жиҳатдан давлатга қарашли бўлган Тожикистон алюминий заводининг даромадлари президент томонидан назорат қилинадиган қандайдир оффшор ширкатнинг ҳисобида сақланади, дейилади америаклик дипломатларнинг ёзишмаларида.

Уларда келтирилган маълумотларга кўра, ўтган йили Тожикистон Россияга контрабанда қилинадиган 40 тонна афғон афюнининг бор-йўғи 5 фоизини ушлаган, холос. "Асосий муаммо коррупцияда, деб ёзишади америкалик дипломатлар.

Махфий телеграммалардан бирида АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Ричард Ҳоугланд президент Раҳмон билан Россия чегарачилари Тожикистондан чиқариб юборилишидан кўп ўтмай бўлиб ўтган учрашуви ҳақида ёзади.

Икки ярим соат давом этган учрашувда президен Раҳмон АҚШ ҳукуматига миннатдорчилик билдиради ва Москванинг қаршилигига қарамай, ўз мамлакатида Америка ҳарбий базасини жойлаштиришга розилик билдиради.

АҚШнинг Тожикистондаги дипломатлари 2006 йилда " тахминимизча, Россия Тожикистонга Ғарбнинг бу ердаги иштирокини камайтириш мақсадида доимий ва кучли босим ўтказади" деб ёзганлар.

Махфий телеграммалардан англашилишча, Қўшма Штатларнинг Тожикистонда россияликлар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш ҳаракатлари қўпол қаршиликка учраган.

2006 йил ноябрида АҚШ элчиси Душанбеда зиёфат берган, аммо Россия элчиси ва унинг ёрдамчиси зиёфатга келишмаган, ҳарбий атташе полковник Иванов эса бор-йўғи 10 дақиқа туриб, кетиб қолган, деб ёзади "Викиликс"даги махфий телеграммалардан иқтибос келтирган Гардиан рўзномаси.