Қозоғистон: энди президентнинг муддатидан олдин сайлов эълон қилиш ҳуқуқи бор

Энди Президент Нурсултон Назарбоевнинг муддатидан илгари президентлик сайлови вақтини эълон этиши кутилади
Сурат тагсўзи, Энди Президент Нурсултон Назарбоевнинг муддатидан илгари президентлик сайлови вақтини эълон этиши кутилади
Published

Қозоғистон парламенти Президент Нурсултон Назарбоевга эрта сайловлар чақириш ҳуқуқини беришни назарда тутган мамлакат конституциясига ўзгартиришларни бир овоздан қабул қилган.

Қозоғистон парламентининг қўш палатаси ялпи мажлисида "Қозоғистон республикаси конституциясига ўзгартириш киритиш ҳақида" деб номланган қонун қабул қилинган.

Конституцияга бундай ўзгартириш Президент Нурсултон Назарбоевга жамиятда муҳокамага қўйилган жаноб Назарбоевнинг президентлик муддатини 2020 йилгача узайтириш мақсадидаги референдум ўрнига муддатидан олдин сайловларни эълон қилиш ҳуқуқини беради.

Хабар қилинишича, Қозоғистон парламенти аъзолари қонунни бир овоздан маъқуллаганлар, энди уни президент имзолаши талаб этилади.

Президентлик муддати 2012 йилда тугайдиган Нурсултон Назарбоев 31 январ куни референдум режасини рад этди, мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Қозоғистонда жаноб Назарбоев президентлиги муддатини 2020 йилгача узайтиришни кўзда тутган референдум ўтказиш режаси Ғарб танқидларига сабаб бўлди.

Мамлакат парламенти референдум ўтказиш режасини маъқуллаган, бироқ Конституциявий маҳкамаси бу тадбирни Қозоғистон асосий қонунига зид деб топди.

Қозоғистонда референдумни ўтказмасликка қарор қилингани Ғарб мамлакатлари томонидан олқишланди.

Муддатидан олдинги президентлик сайлови муддати ҳали эълон қилингани йўқ, бироқ унинг муддати шу йил баҳорига белгиланиши мумкин деган фикрлар билдирилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, эрта сайловлар шундоқ ҳам жамиятдаги мавқеъи кучли бўлмаган Қозоқ мухолифатига президентлик сайловига етарли тайёргарлик кўришига имкон бермайди.

70 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни Шўролар Иттифоқи давридан буён бошқариб келади.