Тожик-афғон чегарасида бир тожик чегарачиси ҳалок бўлди

Тожик расмийлари Афғонистон билан чегарадаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида айтишганди.
Сурат тагсўзи, Тожик расмийлари Афғонистон билан чегарадаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида айтишади
Published

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси тожик чегарачилари Афғонистон тарафдан Тожикистонга ўтишга ҳаракат қилган ўндан ортиқ шахс билан тўқнашишган.

Афғонистон тарафидан келган шахслар тожик чегарачиларининг огоҳлантиришларига қулоқ солишмаган. Натижада отишма бошланган.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаевга кўра, тўқнашувда 20 ёшли тожик чегарачиси Ойбек Нарзуллоев нобуд бўлган. Маълумотларга кўра, яна икки ҳарбий яраланган.

Ҳодиса Хатлон вилояти Шўробод тумани Сариғор минтақасида юз берган.

Айтилишича, чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилган шахслар қочиб қолишган ва Афғонистон ҳудудида яширинишга муваффақ бўлишган.

Ҳодиса жойидан Калашников русумидаги автомат қурол топилган.

Тахминларга кўра, Афғонистон тарафидан келганлар Тожикистонга гиёҳванд олиб ўтишга ҳаракат қилган бўлишлари мумкин

Тожик-афғон чегарасида жойлашган Хатлон вилоятидаги вазият ўта мураккаб қолмоқда. Бу ерда ноқонуний гиёҳванд савдоси билан шуғулланувчилар билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез рўй беради.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига кўра, бу жорий йил ҳисобидан афғонлар тарафидан қилинган олтинчи қуролли ҳужумдир.

Ўтган март ойида тожик расмийлари Афғонистон билан чегарадаги вазият ёмонлашаётгани ҳақида айтишганди.