Остонадаги Жомеъ масжиди нега ёнди?

Published

Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, пойтахт Остонадаги Марказий Осиёдаги энг йириги бўлиши айтилаётган Жомеъ масжидида чиққан ёнғинга пайвандлаш ишлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ҳали қурилиш ишлари битмаган "Ҳазрат Султон" масжиди ўтган якшанба куни, Қозоғистонда парламент сайловлари бўлиб ўтаётган бир пайтда ўт ичида қолганди.

Ёнғин юз берган пайтда қурилиш сатҳида юздан ортиқ қурувчининг бўлгани айтилади.

Улардан барчасини хавфсиз ерга кўчиришга муваффақ бўлинган.

Аммо ёнғин чоғи бир кишининг қурбон бўлгани расман тасдиқланган.

Ёнғин бир неча юз квадрат метрга ёйилиб кетгани, уни ўчириш учун ўттиздан ортиқ ўт ўчириш машиналарининг жалб этилгани айтилади.

Хабарларга кўра, масжидга қўшилиб теварак-атрофдаги дарахтларга ҳам ўт кетган ва сатҳда сув бўлмагани боис, ёнғинни ўчириш осон бўлмаган.

Лекин, шунга қарамай, масъуллар ўтни ўчиришга муваффақ бўлишгани ва ҳозирда ҳодиса сабабини ўрганишаётганини айтишмоқда.

"Ҳазрат Султон" масжидини расман ўтган йилнинг декабр ойида, Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасида очилиши режаланганди.

Аммо қурилиш ишлари битмагани боис, бу сана ортга сурилганди.

Тайёр масжиднинг қарийб 20 минг чақирим майдонни эгаллаши кутилмоқда.

Фойдаланишга топширилгач, масжидда 5 мингга яқин намозхоннинг тоат-ибодат қилишлари мумкинлиги айтилади.

Воқеаларнинг бошқа бир ривожида эса, Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий вакиласи Кэтрин Эштон якшанба кунги сайловлар ҳақида махсус баёнот билан чиққан.

Эштон хоним, "Қозоғистонда демократик ва плюралистик сиёсий маданиятнинг ривожланиши йўлидаги ижобий қадам эканини айтиб, мамлакат парламентига уч партиянинг киришини хуш қаршилаши"ни айтган.

Аммо Оврўпо Иттифоқининг нуфузли вакиласи "парламент сайловларининг энг муҳим демократик меъёрларга жавоб бермагани"дан афсусда эканини ҳам қўшимча қилган.

Сайловларда Қозоғистоннинг бошқарувдаги "Нур Отан" партияси энг кўп овозларни тўплашга муваффақ бўлганди.

Вазият

Қозоғистоннинг 16.5 миллион аҳолисидан 70 фоизи мусулмон ҳисобланади.

Марказий Осиё минтақасида иқтисодий энг тараққий этгани айтилувчи қозоғистонлик мулозимлар сўнгги пайтларда мамлакатда радикал исломнинг кучайишидан ташвишга тушиб қолишган.

Бунга аҳолиси зич ва қашшоқлашиб қолган Фарғона водийсига туташ минтақанинг қолган уч давлати – Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги айни муаммо билан боғлиқ вазият сабаб экани айтилади.

Қозоғистонда яқинда "Диний фаолиятлар ва бирлашмалар" тўғрисидаги янги қонун ҳам қабул қилинганди.

Янги қонун лойиҳаси Қозоғистон раҳбарининг ўз мамлакатида диний экстремизмнинг кучайиб бораётганига оид хавотирларига жавоб сифатида кўрилганди.

Динга оид янги қонун қабул қилинишидан олдин Қозоғистонда илк бор худкушлик амалиёти ва ҳуқуқ-тартибот органларига қарши ҳужумлар кузатилганди.