Қозоғистонда Украина ҳодисалари қайтарилиши мумкинми?

Олма ота шаҳрида девалвацияга қарши намойишлар ўтказилган.
Сурат тагсўзи, Олма ота шаҳрида девалвацияга қарши намойишлар ўтказилган.
Published

Қозоғистонда чоп этиладиган “Мегаполис” газетаси ўтказган сўровномада кўпчилик Қозоғистонда Украина ҳодисалари қайтарилиши мумкин деб жавоб берган.

Сўровнома сайтда ва минтақалардаги мухбирларнинг ёрдами билан амалга оширилган. 47 фоиз иштирокчи Майдондаги ҳодисалар Қозоғистонда ҳам бўлиши мумкин деган бўлса, 41 фоизи мумкин эмас деган.

Қозоғистоннинг Олма ота шаҳрида девалвацияга қарши ўтказилган намойишлар бундан бир ҳафта олдин куч билан бостирилган эди.

“Мегаполис” газетасининг веб саҳифасида ўтказган сўровномасида 400 одам қатнашган ва шуларнинг 57 фоизи Украина Майдонидаги ҳодисалар Қозоғистонда ҳам содир бўлиши мумкинми, деган саволга “ҳа” дея жавоб берган.

37 фоиз иштирокчи “йўқ” деган бўлса 7 фоиз қатнашувчи билмайман дея жавоб берган.

Газета бундан ташқари минтақадаги оддий одамлар ва таниқли сиёсатчиларнинг ҳам фикрларини билган. Умумий сўровномада 47 фоиз одам Майдондаги ҳодисалар Қозоғистонда такрорланиши мумкинлигини билдирган, 41 фоизи бунга асос йўқлигини кўрсатишган.

"Либерти" жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуов Қозоғистонда яқин йилларнинг ичидаУкраина ҳодисаси қайтарилмаслигини айтади.

“Менимча, Қозоғистонда фуқаролик жамияти Украинадаги каби шаклланмаган. Украина ҳукумати имкон қадар сиёсий жараёнга таъсир ўтказа оладиган турли коалицияларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилмади. Қозоғистонда эса ҳукумат бу нарсага имконият бермаяпти ва бермайди ҳам”, - дейди Галим Агелеуов.

“Мегополис” газетасига гапирган Шавкат исмли юрист бу каби ҳолатлардан ҳеч ким суғурта қилинмаганини айтган.

“Бундан ҳеч ким суғурталанмаган. Менимча, ҳолатни беқарорлаштиришга ҳаракатлар аллақачон қилиняпти. Банклар билан сўнгги саросимани олинг. Кимдир мамлакатда таназзул ва тартибсизлик бўлишини жуда ҳам истаётган кўринади”, - деган Шавкат.

Мухолифатдаги сиёсатчи Амиржан Қўсанов Қозоғистон ҳукуматида қозоғистонликлар уларни қўрқита олиши мумкин бўлган кучли норозилик акцияларини ўтказишга қодир эмас, деган янглиш фикр ўрнашиб қолганини айтади. Сиёсатчига кўра, ҳукумат тинч митинглар ўтказишни йилдан йилга бюрократик қонун-қоидалар билан муракккаблаштираётгани одамларнинг сабрини тошириши мумкин.

“Масалан, 15 феврал куни Олма отадаги майдонга тинч фуқаролар чиқди. Улар нимани кўрди дейсиз? Уларга олиб борилаётган сиёсатни тушунтириб берувчи парламент ёки ҳукумат вакилларини кўришмади, балки юзлаб қуролланган полиция ходимлари ва ушлаб кетишга мўлжалланган автобусларга дучор бўлишди. Ҳукумат томонидан айнан мана шу каби муносабат одамларнинг норозилигига сабаб бўлди”, - дейди Амиржан Қўсанов.

Қўсанов жаноблари ҳозирча сиёсатдан норози тоифада бирдамлик йўқлигини айтаркан, аммо бу нарса ушбу бирдамликнинг умуман бўлмаслигини англатмаслигини таъкидлайди.

"Либерти" жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуов ҳукумат мурватларни бурашда давом этаверса Қозоғистонда 15 февралда бўлгани каби кичик кичик норозикликлар қайтарилишини ва маълум вақт ўтган кейин ушбу норозиликлар катта намойишларга етаклаши мумкинлигини айтади.

“Мана шундай кичик норозиликлар зажир каби давомли бўлса ҳукумат меъёридан ошириб юборганини тушунади. Аммо ҳукуматнинг ҳозирги психологиясидан келиб чиқсак у вазиятни янада қаттиқроқ қўлга олишга киришади. Ана ўшанда йирик намойишлар бошланиб кетиши мумкин“, - дейди Галим Агелеуов.