Вена прокуратураси:"Алиевнинг ушланиши экстрадицияни англатмайди"

Роҳат Алиев Венада ҳуқуқ-тартибот органларига ўзи таслим бўлган
Сурат тагсўзи, Роҳат Алиев Венада ҳуқуқ-тартибот органларига ўзи таслим бўлган
Published

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев Венада ҳибсга олинган.

Би-би-си билан суҳбатда Вена прокуратураси матбуот хизматининг бошлиғи Томас Виччай (Thomas Vicsey) жаноб Алиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Бу ҳақда аввалроқ Австриянинг Austria Presse Agentur агентлиги Алиев жанобларининг ҳимоячиси Манфред Айнетдерга таяниб хабар қилган эди.

Унинг айтишича, Роҳат Алиев ўзи ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган.

Алиев жанобларининг ўз ўзини полицияга топширганини Томас Виччай ҳам Би-би-сига тасдиқлади.

Қозоғистон президенти Назарбоевнинг собиқ куёви муқаддам мамлакатдаги энг «гапи ўтадиган» шахслардан бўлган.

У Миллий Хавфсизлик қўмитаси, солиқ хизмати ва Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.

Бир муддат Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган.

2008 йилда Алиев Қозоғистонда жиноий гуруҳ ташкил этишда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига сиртдан ҳукм этилганди.

Унга шунингдек, одам ўғирлаш ва ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик каби айблар қўйилган эди.

2011 йилда эса Роҳат Алиевга қарши яна бир жиноий иш қўзғатилди.

Бу гал уни мамлакатнинг йирик банкларидан бирида ишлаган юқори лавозимли менежерни ўлдиришда гумон қилишди.

Алиев жаноблари президент Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг собиқ эридир.

У ўзига қўйилган барча айбларни сиёсий асосларга эга дея рад этиб келади.

Австрия 2011 йилда Алиев жанобларининг иши бўйича ўз тафтишларини бошлаган эди.

Аммо Вена икки марта ҳам Қозоғистоннинг Роҳат Алиевни қайтаришга доир талабларини рад этган.

Вена прокуратураси ушланиш ҳақида

Вена прокуратураси матбуот хизматининг раиси Томас Виччай Би-би-си Марказий Осиё Хизматининг билан суҳбатда Роҳат Алиевнинг ушланишини қўйидагича шарҳлади.

Виччай: Жаноб Алиевнинг кеча тунда Венада ҳибсга олинганини тасдиқлай оламан. Вена прокуратура идорасида қотиллик гумонида ҳибсга олиш ордери бор эди.

Би-би-си: Жаноб Алиев ўз хоҳиши билан таслим бўлганини тасдиқлай оласизми?

Виччай: Тасдиқлай оламан, ҳа.

Би-би-си: Энди нима бўлади?

Виччай: Бугун Вена прокуратураси тергов ўтказиш учун маҳкамага қадар тергов ҳибсда сақлашни сўраб ариза топширди. Вена маҳкамаси бугун ушбу аризани кўриб чиқади.

Би-би-си: Австрияда шубҳаланувчи шахс қанча вақт ҳибсда ушлаб турилиши мумкин?

Виччай: маҳкамага қадар ҳибсда ушлаб туришни қайта кўриш юзасидан аниқ муддат белгиланган. Биринчи муддат ҳибсга олинишдан 14 кун ўтиб тугайди. Ундан кейин қамоқ муддатини узайтириш бўйича янги қарор олинади.

Би-би-си: Жаноб Алиев ишида Қозоғистондан экстрадиция талаби бўлганини ва бу талаб Австрия томонидан рад этилганини тасдиқлай оласизми?

Виччай: Бир муддат аввал бир марта экстрадиция талаби бўлганди. Бу талабни Австрия рад қилиш ҳақида қарор чиқарди. Айнан шу сабаб Австрия қотиллик айблови юзасидан тергов ўтказаяпти. Бу қонуний тартиб. Яъни, экстрадиция қилмайдиган мамлакат ҳуқуқий жиҳатдан текширув ишларини ўтказиши керак.

Би-би-си: Бу экстрадиция амалга оширилмаган эса-да, жиноят иши Австралияда кўрилади деган маънони англатадими?

Виччай: Бу энди Австрия ичидаги жиноят иши ҳисобланади ва Австрия ҳудудида ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқилади. Аммо бу гал экстрадиция ҳақида сўз бормайди.

Би-би-си: Ҳодиса Қозоғистонда юз берган бўлиши мумкинлиги ва барча гувоҳларнинг Қозоғистонда экани инобатга олинса, Алиев устидан қўзғатилган иш жуда мураккаб ва узоқ давом этиши мумкин-ми?

Виччай: Ишнинг шунча пайтдан буён чўзилаётгани сабаби ҳам шу. Матбуот биздан "Нима учун айнан ҳозир, орадан икки йил ўтиб ҳибсга олдингиз?" - деб сўрайди. Ишнинг мураккаблиги буни тақозо этади. Биз албаттаки кўрсатмаларни Қозоғистондан олишимиз керак; биз аллақачон бир неча гувоҳ кўрсатмасини олдик. Буларнинг бари видео орқали бўлди. Ишнинг бу тартибда олиб борилиши унинг амалий жиҳатдан муаммоларга эга эканини кўрсатади. Аммо, бу ҳам ишнинг бир қисмидир.

Қозоғистон расмийлари ҳозирча сукут сақлашмоқда

Роҳат Алиев собиқ қайнотаси Назарбоевнинг хориждаги мухолифларидан бири.
Сурат тагсўзи, Роҳат Алиев собиқ қайнотаси Назарбоевнинг хориждаги мухолифларидан бири.

Қозоғистонда Роҳат Алиевнинг ушланишига муносабат қандай бўлди деган савол билан Би-би-си Олматилик мустақил журналист Динмуҳаммад Холқуловга мурожаат қилди

Динмуҳаммад Холқулов: Аввало шуни айтмоқчи эдимки, оммавий ахборот воситаларида қувғиндаги, Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси Роҳат Алиевнинг ҳибсга олиниши ҳақида хабар чиқиши очиқ осмонда момақалдироқ гумбурлагандек бўлди. Ҳеч ким бу қачондир содир бўлишини кутмаганди. Лекин қайд этиш керакки, бу борада ҳукумат томонидан ҳеч қандай расмий муносабат билдирилгани йўқ. Балки бу хабар яқиндагина пайдо бўлгани билан боғлиқдир. Лекин одатда Қозоғистон Ташқи Ишлар вазирлиги, прокуратура, умуман расмий идоралар Роҳат Алиевнинг иши бўйича бир неча марта изоҳ берганлар. Ўйлайманки, яқин вақтда қандайдир муносабат ёки чиқиш бўлади ва расмийлар бу борада нимадир дейишади. Умуман олганда, ҳозир Қозоғистонда Роҳат Алиевни ҳибсга олинишини қизғин муҳокама қилишмоқда. Кўпчилик ишонмаяпти. Аксарият бу нимадан келиб чиққанини ўзича башорат қиляпти. Нима учун у бирданига ўзини топширишга қарор қилди? Оммавий ахборот воситалари Алиев ўз ихтиёри билан борганини ёзмоқда. Шу ҳолатда у нима қилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти. Чунки Роҳат Алиев кўп маротаба ўзида Қозоғистоннинг кўплаб юқори лавозимли мулозимлари ҳақида далил ва маълумотлар борлигини айтган. Ва сир эмас, Роҳат Алиевнинг ўзи кўп йиллар юқори лавозимларни, бу Миллий хавфсизлик хизматидан тортиб мамлакатнинг Австриядаги элчисигача вазифаларни бажарган. Шунинг учун ҳақиқатдан унинг қўлида ошкор қилиниши хоҳланмайдиган муҳим маълумотлар бўлиши мумкин.

Би-би-си: Роҳат Алиевни Қозоғистонда қандай эслашади?

Динмуҳаммад Холқулов: Роҳат Алиев жуда ўзига хос шахс ва уни шунчаки эсдан чиқариш осон эмас деб ўйлайман. Ўз вақтида у юқори лавозимларни эгаллагани боис, ҳаммага таниқли эди. Шунингдек, Қозоғистондаги йирик медиакомпанияга эгалик қиларди. Шунинг учун унинг исми ҳар доим оғизда эди. Айниқса, жанжалли воқеа- икки банкирни ўлдирилиши билан уни жуда кўп муҳокама қилишганди. Ўйлайман, кўпчилик у ҳақидаги янгиликларни ҳам кузатиб боришган. Бундай янгиликлар деярли ҳар ҳафта пайдо бўлар эди. Роҳат Алиев тез тез оммавий ахборот воситаларида қандайдир мурожаатлар билан чиқар, кейин яна қисқа муддатга кўздан йўқолар эди.

Би-би-си: Қозоғистон сиёсий ҳаётида Роҳат Алиев қандай рол ўйнаган дейиш мумкин?

Динмуҳаммад Холқулов: Айтишимиз мумкинки, уни давлат тўнтаришига, ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айблашганини инобатга олсак, у сиёсий ҳаётда ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнаган. Ҳокимиятнинг юқори қисмларида унинг қўлида жиддий ричаглар тўпланган эди дейиш мумкин. Айтиб ўтганимдек, у Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб, у армиянинг махсус хизматини назорат қилган, маълумотларга кўра, телефон сўзлашувларини тинглаган ва шунинг учун қўрқмасдан айтиш мумкинки, у албатта асосий сўзни айтувчилар қаторида бўлган.

Би-би-си: Роҳат Алиевнинг қўлга олинишидан Қозоғистон қандай манфаатдор?

Динмуҳаммад Холқулов: Биринчидан, ниҳоят унинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган Нурбанкнинг икки топменежерининг шов-шувли қотиллиги ҳақидаги ҳақиқат юзага чиқиши мумкин. Кўпчилик у ҳақиқатдан айбдорми ёки йўқлигини, банкирларнинг ўлимига боғлиқлигини билишни истайди. Маълумки, унинг ўзи буни кескин рад қилиб келади. Унинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзи фойдаланувчилар фикрича, Роҳат Алиевнинг пули тугаган бўлиши мумкин. Бир пайтлар у жуда бадавлат одам эди. У медиамагнат, шакар заводи акцияларига эга эди. Лекин унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар орқасидан турли юридик жараёнларга, қиммат ҳимоячиларга катта пуллар сарфланиши уни камбағал қилиб қўйган бўлиши тахмин қилинади. Шунингдек, Оврўпода ҳибсда 72 соатгача ушлаб турилиши ҳисобга олинса, ушбу муддатдан кейин Австрия куч ишлатар тизимлари уни ҳибсда қолдириш ёки қўйвориш ҳақида қарор беришлари керак. Лекин кўплар уни Қозоғистонга қайтиб келишига ишонмайди. Чунки у Қозоғистонни тарк этганида кўпчилик унинг мамлакатдан бемалол чиқиб кетишига етарли вақт беришган, деб ишонади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.