Бишкекда ИД жангарилари ўлдирилгани хабар қилинмоқда

Published

Қирғизистон пойтахти Бишкек марказида отишма юз берган.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси хабар қилишича, хавфсизлик кучлари ва жангарилар ўртасидаги отишмада тўрт жангари ўлдирилган.

Бишкекликлар отишма маҳаллий вақт билан соат 18 ларда шаҳарнинг Горкий ва Панфилов кўчалари кесишган жойда бошланганини айтмоқдалар.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси Бишкек шаҳрида аксилтеррор амалиёти ўтказилгани ҳақида хабар тарқатган.

Хавфсизлик қўмитаси хабарида айтилишича, ушбу амалиёт "халқаро террорчилик ташкилотининг қуролланган жангариларини йўқ қилиш" мақсадида ташкиллаштирилган.

Жангарилар қуролли қаршилик кўрсатганлар.

Жангарилар жойлашиб олгани тахмин қилинган уй олов ичида қолган.

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси махсус амалиёт якунида тўрт жангари ўлдирилгани, бир неча жангари қўлга олингани ҳақида маълум қилган.

Махсус кучлар ходимларидан тўрт киши яраланган.

Қирғизистондаги 24.kg веб-сайтининг хавфсизлик қўмитасидаги манбага таяниб хабар тарқатишича, қуроллилар ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳнинг аъзолари бўлганлар.

Икки жангарининг Бишкекдан 15 километрча узоқликдаги ГЭС-5 деган жойда ўлдирилганини хабар қилган хавфсизлик қўмитаси.

Яна иккиси эса Бишкек шаҳридаги қуролли қаршилик пайти ўлдирилгани айтилмоқда.

Кечқурун ҳодиса жойида мухбирларнинг саволларига жавоб қайтарган Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби жангарилар "Исломий Давлат" аъзолари бўлганми, деган саволга эртаси куни жавоб қайтаришларини айтди.

Айрим оммавий ахборот воситаларида жангарилар 17 июл Қирғизистонда ўтказилиши мўлжалланган Рамазон Ҳайити пайти террорчилик хуружини режалаганлари ҳақидаги хабарларни тарқатганлар.

Бу ҳақдаги саволга хавфсизлик қўмитаси мулозими фақат жангариларнинг "террочилик хуружи"ни режалаганларини айтди, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio