Душанбе ҳокими: ноқонуний масжидлар бузилсин

Тожикистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Душанбе шаҳри ҳокими жамоа жойи кўриниши остида фойдаланиб келинган ноқонуний масжидларни бузиш ҳақидаги қарорга имзо қўйган.
Asia-Plus мустақил ахборот агентлиги хабарига кўра, Душанбе мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев шаҳарсозлик, меъморчилик, ёнғин хавфсизлиги, санитария ва эпидемиология талабларига жавоб бермайдиган масжидларни бузиш ҳақидаги қарорни 7 ноябр куни имзолаган.
Тожикистон пойтахти туманлари раҳбарларига ноқонуний барпо этилган деб кўрилаётган масжидларнинг биноларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятларини ўрганиб чиқишга фармон берган.
Бунда ўша бинолар санитария, архитектура ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб беришига эътибор қаратиш лозимлиги урғуланган.
Душанбе шаҳри ҳокими, агар масжид биноси талабларга жавоб берса, улардан информацион технологияларни ўрганиш маркази, кичик ишлаб чиқариш цехи, маданий-дам олиш маркази сифатида фойдаланиш ёки маданият, тиббиёт муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ихтиёрига бериш ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат берган.
Asia-Plus Душанбе мэрининг август ойида жамоат жойи деб кўрилган биноларнинг ўз мақсади бўйича фойдаланилаётгани ёки йўқлигини ўрганиб чиқишга буйруқ берганини эслатган.
Тожикистондаги масжидларнинг қонуний-ноқонунийлигини текшириш Марказий Осиёда ягона расмий исломий партия бўлиб келган "Тожикистон Ислом Уйғониш партияси" террорчи ташкилот деб эълон қилиниши ортидан бошланган.
"Тожикистон Ислом Уйғониш партияси" раҳбари Муҳиддин Кабирий шу йил баҳорида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини эълон қилди.
Сентябр ойи бошида Душанбе ва атрофида қуролли ҳужумлар уюштирилди, Тожикистон ҳукумати ушбу зўравонликларда Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, марҳум Абдуҳалим Назарзодани айблади.
Тожик расмийларига кўра, "Тожикистон Ислом Уйғониш партияси" раҳбари Муҳиддин Кабирий ва собиқ Мудофаа вазири муовини Абдуҳалим Назарзода давлатга қарши тўнтариш режалаганлар.
Ушбу айбловлар ортидан исломий партиянинг ўнлаб аъзолари ҳибсга олинди.
"Тожикистон Ислом Уйғониш партияси" мамлакат қонунчилиги мудофаа вазири ўринбосарини бирор бир партияда бўлишини тақиқлашини таъкидлаб, марҳум генерал Абдуҳалим Назарзода билан алоқалари бўлмганини эълон қилди.
Тожикистон матбуотида Шўро замонини эслатувчи "давлат тинчлигини кўролмайдиганлар" ҳақида тарғибот-ташвиқот кучайтирилган.
Матбуотда Тожикистоннинг масжидлар, имомлар ва масжидга борувчилар устидан қаттиқ назорат ўрнатган, ҳақиқий сиёсий мухолифатни мамлакатдан чиқариб юборган Ўзбекистон йўлидан бораётгани ҳақида мақолалар ҳам эълон қилинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio






























