Азимжон Асқаров уйи мусодарасига киришилган

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Қирғизистонлик таниқли ўзбек фаол Азимжон Асқаровнинг уйини мусодара этиш амалларига норозилик билдирмоқдалар.
Қирғиз расмийларига кўра, маҳкаманинг 2012 йил 23 майдаги ҳукми бўйича Азимжон Асқаровнинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон тумани Бозорқўрғон қишлоғи Ҳовузбой кўчаси 3-уйдаги манзилда жойлашган хонадони давлат тасарруфига ўтказилиши лозим.
25 май куни Азимжон Асқаровнинг уйига 20 тача одам келган.
Улар орасида суд ижрочилари, милиция ходимлари, давлат мулкини бошқариш жамғармаси ходимлари бўлганлар.
Улар суд қарорининг ижросини бажариш учун келганларини айтганлар ва уйдаги буюмларни хатлаб, фотосуратларга олиб кетганлар.
Ушбу амалга норозилик сифатида "Бир дуйно - Кыргызстан" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати баёнот тарқатган, давлат мулкини бошқариш жамғармасининг Азимжон Асқаров уйини мусодара қилиш ишларига қўшилишини қонунга зид эканлигини таъкидлаган.
"Бир дуйно - Кыргызстан" ташкилоти маҳкама мусодара қилиш ҳақида қарор чиқаган уй Азимжон Асқаровнинг онасидан мерос қолганини ва бу уйда унинг оиласи истиқомат қилаётганини таъкидлаган.
БМТ: Қирғизистон бир неча халқаро ҳужжатни поймол этган
Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.
Уни июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган.
2010 йил 15 сентябрида Қирғиз маҳкамаси Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Азимжон Асқаров ўзига қўйилган айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.
АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.
АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.
Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилди.
Шу йилнинг 21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.
БМТ қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон қонунларига зид бўлгани, изоляторда инсон чидаб бўлмас шароитда сақлангани, шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум этилганини урғулаган.
Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.
Бунинг ортидан Қирғизистон Олий маҳкамаси Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг































