Жанубий Корея рақамли таълим тизимига ўтмоқда

Эндиликда қалин дарслик китоблари тарихда қоладиган
Сурат тагсўзи, Эндиликда қалин дарслик китоблари тарихда қоладиган
Published

Дунёнинг энг тараққий этган таълим тизимларидан бирига эга бўлган Жанубий Корея рақамли ўқув дастурига ўтмоқда.

2015 йилга келиб, ўқув дастуридан ўрин олган барча материалларни компютер орқали рақамли кўринишда узатиш имкони бўлади.

Дарсликлардаги барча маълумотлар китоб саҳифалари ўрнига экранларда пайдо бўлади.

Жанубий Кореянинг Таълим, фан ва технология вазири Жу-Хо Ли "Смарт Таълим" стратегияси устида ишлаётганликларини айтди.

Ўтган ёз амалга ошириш бошланган лойиҳа барча мактабларда вайерлесс- симсиз тармоқларни жорий этишни назарда тутади.

Бу эса ўз навбатида талабаларга "ҳамма вақт ва ҳамма жойда" билим олиш имконини беради.

Бу каби таълим-ахбоорот тизимига турли -туман жиҳозлар, компютердан тортиб, ноутбук, ва интернетга уланган телевизорлар орқали уланиш мумкин.

"Смарт Таълим бизнинг дарсликлар ҳақидаги қарашларимизни тубдан ўзгартиради", дейди жаноб Ли.

Унга кўра, анъанавий дарслик китобларидан рақамли дарсликларга ўтиш ўқувчи-талабаларга "оғир ва қаппайган сумкаларини орқада қолдириб, синф хонасидан ташқаридаги дунёни кашф этиш имконини беради".

Янги тизим шунингдек, мутахассис ўқитувчилар етишмайдиган қишлоқ ҳудудларида ўқувчи ва талабалар учун фанларни танлаш ва уйдан туриб таълим олиш имкониятини яратиши айтилмоқда.

Янгиликкка чанқоқ

Жанубий кореялик талабалар бу каби таълим технологиясини яхши қабул қиладилар, деб ишонилади.

Иқтисодий Мувофиқлаштирув ва Тараққиёт Ташкилоти олиб борган тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, жанубий кореялик 15 ёшли талабалар 16 та ривожланган давлатлардаги тенгдошлари орасида рақамли технологиялардан энг усталик билан фойдаланишади.

Улар интернетдаги ахборотни баҳолаш, унинг ишончлилигини текшириш ва интернет саҳифаларини навигация қилиш бўйича биринчи ўринни эгаллашган.

Жанубий Кореянинг бу соҳадаги устунлиги тасодифий эмас.

Бирлашган Миллатларнинг фан, таълим ва маданият агентлиги- ЮНЕСКОга кўра, Жанубий Корея таълим соҳасида ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланишни диққат билан назорат қилиб келган.

Жанубий Корея ўқиш даражаси бўйича дунёда иккинчи, математика соҳасида тўрт ва табиий фанлар бўйича бешинчи ўринда туради.

1945 йилда мамлакат аҳолисининг 78 фоизи саводсиз бўлган бўлса, ҳозирда Жанубий Корея саводхонлик бўйича барча Оврўпо давлатлари ва АҚШдан ўзиб кетган.

"Рақамли келажак"

Таълим соҳасида нисбатан орқада қолаётганидан хавотирга тушган Америка Қўшма Штатлари ҳам ҳозирда рақамли таълим соҳасига кўпроқ маблағ ажратишни бошлаган.

Президент Барак Обаманинг ўтган ой эълон қилинган "Рақамли келажак" дастури билим ўргатиш ва ўрганиш шаклини бутунлай ўзгартириб юбориши айтилади.

Оқ Уйга кўра, йиллар давомида тадқиқотчилар хусусий ўқитувчи сингари самарали бўладиган комютерлаштирилган таълим дастурини яратиш устида иш олиб боришаётган эди.

АҚШнинг "рақамли ўқитувчи" ҳарбий дастурининг дастлабки натижалари ахборот технологиялари бўйича мутахассис бўлиб етишиш учун кетадиган вақтни бир неча йилдан бир неча ойга қисқартириш мумкинлигини кўрсатган.

Оқ Уйнинг айтишича, математика сингари фанларда бу каби натижани қўлга киритиш бошланғич таълимни бутунлай янги босқичга кўтаради.

Иқтисодий Мувофиқлаштирув ва Тараққиёт Ташкилотига кўра, бу каби технологиялардан унумли фойдалана оладиган ёшлар келажакда яхши иш топиш ва жамият ҳаётида иштирок этиш борасида устунликларни қўлга киритадилар.

Ташкилот янги ахборот технологияларини ишлата оладиган ва олмайдиганлар орасида "рақамли бўлиниш"нинг юзага келишидан ҳам огоҳлантирган.