Аҳмаджон Одилов оламдан ўтди

Аҳмаджон Одилов
Published

Совет даврининг атоқли жамоат арбоби Аҳмаджон Одилов 92 ёшида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига марҳумнинг яқинларидан бири тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, Аҳмаджон Одиловнинг жанозаси бугун тушдан кейин соат 4 га чақирилган.

Яқинларига кўра, Аҳмаджон Одилов Ғурумсаройдаги уйида оламдан ўтган.

- У киши ҳеч қачон касалхонага ётмас эдилар, - деб айтди Би-би-сига гапирган марҳумнинг яқинларидан бири.

Аҳмаджон Одилов. 1925 йилда Наманган вилояти, Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида туғилган.Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Икки марта Ленин мукофоти соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, СССР Олий Совети депутати, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аъзоси. У асос солган Поп агросаноат Бирлашмаси 14 совхоз ва 17 та корхонани ўз ичига олган. Унга қарашли 373 минг гектар экин ер ва яйловларда 40 мингдан ортиқ киши меҳнат қилган. 1983 йилда КПССнинг энг юқори органи- Политбюро Аҳмаджон Одиловнинг тажрибасини бутун Советлар Иттифоқи бўйлаб ёйиш ҳақида қарор қабул қилади.

Россия ва бошқа иттифоқдош ўлкаларда АПОлар ташкил этиш бошланади. Аммо кўп ўтмай, 1984 йилнинг 13 августида Аҳмаджон Одилов ва унинг оила-аъзолари ҳибсга олинади. Аёли ва кекса онасидан ташқари ҳамма қамоққа ташланади. Шундан сўнг Аҳмаджон Одиловнинг қарийб чорак асрга чўзилган тутқунлик даври бошланади...

Укаси, марҳум Муҳсин Одиловнинг 1991 йил 24 апрелда, СССР Олий Суди мажлисида айтган сўзидан: «Акам умрини яшаб бўлган социализмни яксон қилиб, унинг ўрнига порлоқ келажак-демократик капитализм қурган».

Аҳмаджон Одилов қамоқдан чиққач Ёзувчилар Уюшмасининг қурултойи уни "Миллат Қаҳрамони" деб эълон қилади. Аммо орадан кўп ўтмай, 1994 йилда Одилов ҳибсга олинади.

Унга '5 тонна гўнг ўғирлаганлик ' айби қўйилади. Халқаро Амнистия Одиловни "сиёсий маҳбус" деб эълон қилади. Унинг жазо муддати 2008 йил 5 июнга қадар узайтириб келинган.

Би-би-си мухбири Паҳлавон Содиқ 2011 йилнинг кузида Аҳмаджон Одилов билан унинг Ғурумсаройдаги хонадонида суҳбатлашган. Бу Аҳмаджон Одиловнинг 1983 йилда ҳибсга олинганидан буён матбуотга берган ягона интервьюсидир.

Қуйида ана шу суҳбат асносида ёзилган эссени эътиборингизга ҳавола қиламиз:

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02