Миллий банкнинг хориждаги филиаллари қандай енгиллик туғдиради?

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки
Published

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига хорижий мамлакатларда ваколатхоналар, филиаллар ва шуъба корхоналар очиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақида Миллий банк ўз сайтида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 ноябрда имзолаган қарорига таяниб хабар тарқатди.

Президент қарорида айни қадамдан мақсад иқтисодий шерик давлатларда ташқи иқтисодий фаолиятни ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш экани қайд қилинган.

Шунингдек, мазкур қарор "етакчи хорижий банклар ва халқаро молиявий идоралар" билан шериклик алоқаларини ривожлантиришни кўзда тутади.

Миллий банк сайтида хорижда ваколатхоналари очилиши ўзбекистонликлар учун айнан қандай енгилликлар яратиши мумкинлиги айтилмаган.

Қарорда Миллий банк "давлат банки" ҳисобланиши ҳам белгиланган.

Лондондаги халқаро банклардан бирида фаолият юритувчи ўзбекистонлик мутахассиснинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда экспорт ва импорт оқимлари асосан Миллий банк орқали ўтади. Шундай экан, банкнинг хорижда ваколатхоналари очилса, ўзбек эскпортчи ва импортчи корхоналари ва тадбиркорларига хорижда молиявий операцияларни амалга оширишда енгиллик туғилади.

Қарорда Банкнинг мижозлари бўлган оддий ўзбекистонликлар, яъни жисмоний шахслар учун қандай ўзгаришлар бўлиши ёритилмаган.

Суҳбатдошнинг айтишича, агар жисмоний шахслар учун ҳам хориждаги Миллий банк филиалларида ҳисоб очиш йўлга қўйилса, Ўзбекистонга пул юбориш ва у ердан пул олиб чиқиш анча осонлашади.

"Тасаввур қилинг, Москвада Ўзбекистон миллий банкида ҳисоб очсангиз, у ердаги ҳисобингизга пул қўйишингиз ва Ўзбекистонда чиқариб олишингиз мумкин. Бу бир банк ичидаги ички транцзакция ҳисобланади. Ундан ташқари, ҳозирги даврда хорижга чиқаётган ўзбекистонликлар ўзбек карточкаларига пул қўйиб чиқадилар, лекин уларнинг карталарини хорижда ҳамма ҳам қабул қилмайди. Агар филиаллар очилса, уларнинг ўз пулларини четда олишлари осонлашиши мумкин", - дейди у.