Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги ўйинларини ғалаба билан бошлади

Қатар пойтахти Дохадаги "Халифа" стадионида Футбол бўйича 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинлари очилди
Сурат тагсўзи, Қатар пойтахти Дохадаги "Халифа" стадионида Футбол бўйича 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинлари очилди
Published

Қатар пойтахти Дохадаги "Халифа" стадионида Футбол бўйича 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинлари тантанали очиларкан, Қатар ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари майдонга тушдилар. Беллашувда ўзбекистонликларнинг қўллари баланд келди ва 0:2 ҳисобида Қатар гуруҳини мағлуб этди.

Ўзбек миллий жамоаси ҳужумчиси Одил Аҳмедов ўйиннинг 58-дақиқасида илк бор рақиб гуруҳ дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни очди.

77-дақиқада эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жепаров иккинчи голни урди.

Қатардаги Осиё Кубоги ўйинларида қитъанинг 16 жамоаси иштирок этмоқда. Марказий Осиёни эса, ёлғиз Ўзбекистон намоён этаётир.

Учрашувларни бошқараётган ҳакамлар орасида ўзбекистонлик таниқли ҳакам, уч карра "Осиёнинг энг зўр ҳаками" Равшан Эрматов ҳам бор.

'Ўлим' гуруҳи

Ўзбекистондан ташқари бу йил Хитой, Қувайт, Япония, Иордания, Саудия Арабистони, Сурия, Австралия, Баҳрейн, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Шимолий Корея, Эрон, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тушган "А" гуруҳи эса, кўплаб футбол мутахассислари томонидан "Ўлим" гуруҳи деб баҳоланмоқда.

Чунки, гуруҳ босқич беллашувларидан чиқиш учун ўзбекистонлик футболчилар Осиё қитъасида кўзга кўринган қатар, хитой ва қувайтлик футболчиларга қарши майдонга тушишади.

Яқинда Хитойда бўлиб ўтган 16-Осиё Ўйинларида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси нимчорак ўйинларида қатарлик рақибларини сенсацион равишда енгиб, чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишганди.

Лекин, қатарлик ҳужумчи Халфаннинг омадсизлигигина Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кейинги босқичга чиқишига имкон берганди. Чунки ўзбекистонлик футболчилар чорак финалдан пастга қулашганди.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, мезбон Қатар ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси орасидаги дастлабки учрашув Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги идорасининг очликка қарши олиб бораётган глобал кампаниясига бағишланади.