Президент Каримов Брюсселга сафарини бошламоқда

Андижонда 2005 йил юз берган қирғин бўйича Оврўпо Иттифоқининг халқаро тергов ўтказиш талабини Ислом Каримов рад этган
Сурат тагсўзи, Андижонда 2005 йил юз берган қирғин бўйича Оврўпо Иттифоқининг халқаро тергов ўтказиш талабини Ислом Каримов рад этган
Published

Оврўпо Парламенти аъзолари, халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва ноҳукумат ташкилотлар норозилиги манзарасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи бошланмоқда.

Бироқ, на Оврўпо Комиссияси, на НАТО, ё на Бельгия ҳукумати жаноб Каримовни Брюсселга таклиф қилганини тан олмоқда.

Андижон қирғини ва Ўзбекистон ҳукуматига қирғин ортидан ўрнатилган талабларнинг бекор қилинишидан бери бу Президент Каримовнинг Оврўпо Иттифоқига илк ташрифидир.

Оврўпо Иттифоқи пойтахти саналмиш Брюсселда жаноб Каримов Оврўпо Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Барросо ва НАТО раҳбарлари билан учрашиши режаланган.

Жаноб Барросо ва НАТО ўзбек раҳбарининг ташрифи эълон этилганидан бери Human Rights Watch, Amnesty International ва Халқаро Инқироз Гуруҳи каби ташкилотларнинг қаттиқ танқидларига учраган.

Ноҳукумат ташкилотлар ўтган бир неча ҳафта давомида Тунисда ағдарилган давлат раҳбарини "диктатор" дея тамғалаган ва халқ қудратини олқишлаган Оврўпо Иттифоқини иккиюзламачиликда айблашмоқда.

Уларга кўра, Оврўпо Иттифоқи Андижон қирғини ортидан киритган жазо чораларининг бекор қилиниши билан Андижон ишини энди ёпиқ деб билади.

Аммо, дейди улар, Оврўпо Иттифоқи ўзбек раҳбаридан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашни талаб этишда давом этиши керак.

Оврўпо Комиссиясининг матбуот котиби Михаил Карничнигнинг айтишича, жаноб Каримовнинг Брюсселга ташрифи Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан инсон ҳуқуқлари, иқтисод ва ҳарбий соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш сиёсатининг бир қисмидир.

Жаноб Карничнигга кўра, "Ислом Каримовнинг Брюсселда қабул қилинаётгани Оврўпо Иттифоқи ўзбек диктаторини қўллаб-қувватлашини англатмайди."

Жаноб Каримовнинг Брюсселга ташрифи чоғида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилмаслиги билдирилган. Брюсселдаги мухбиримизга кўра, бундан мақсад Президент Каримов, жаноб Барросо ва НАТО раҳбариятини уятга қўйиши мумкин бўлган нозик саволлар сўралишининг олдини олишдир.