Интернетдаги қарашларни нафақат АҚШ, балки Ўзбекистон ҳам бошқаришга уринаяпти

Ўзбекистонда интернетни ёшлар онгини булғовчи восита сифатида намойиш қилиш тенденцияси кузатилмоқда
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда интернетни ёшлар онгини булғовчи восита сифатида намойиш қилиш тенденцияси кузатилмоқда
Published

Британияда чоп этиладиган Гардиан рўзномасининг ёзишича, Америка ҳарбийлари кибермаконда потенциал жиҳодчиларга қарши курашиш учун интернетни ўз йўлларига солишга уринишмоқда.

Мақолага кўра, турли чатхоналар ва ижтимоий мулоқот саҳифаларида АҚШ ҳарбий ходимлари доимий тарзда ўтиришади ва мулоқотларга киришишади. Мақсад аксиламерика мазмунидаги фикрларга қарши чиқишдир.

Ушбу вазифа АҚШ Марказий Қўмондонлигининг Яқин Шарқ, Ироқ, Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё учун масъул бўлимига юклатилган.

Гардиан рўзномасининг ёзишича, ҳарбийлар бир компьютер программалари ширкатидан бир неча сохта онлайн шахсни бошқаришга имкон берадиган дастурни яратиб беришни сўраганлар.

Бу сохта онлайн-шахсларга доир маълумотлар ишончли кўриниши, ҳудди ҳақиқий ўтмиши бордек инсон эканига ҳар кимни ишонтириши керак.

Сохта шахслар бир неча тиллардаги онлайн-мубоҳасаларнинг ичига ташланади. Бу тиллар орасида пуштун, урду ва форс тиллари бор.

Рўзнома Марказий Қўмондонлик вакилидан иқтибос келтиради: унинг сўзларига кўра, ушбу технология АҚШ ташқарисидаги душман тарғиботига қарши турли тиллардаги веб-сайтларда махфий блогнинг фаолиятини юритиш имкониятини беради.

"Гардиан"га кўра, атиги элликтача ҳарбийнинг ҳар бири ўнтагача сохта шахс номидан форумларда қатнаша олади.

Улар кечаю-кундуз блогларда, чат хоналару-твиттерда қолдирилган шарҳларни нишонга ола олишлари, ўзларини дунёнинг турли бурчакларидан ёзаётган киши қилиб кўрсата олишлари мумкин.

Рўзномадаги хабарни ўтган йили АҚШнинг "Мудофаа янгиликлари" журнали чоп этган мақоласи ҳам тасдиқлайди.

Унда, масалан, Пентаган бир неча тилдаги веб-блог, чатхона ва ижтимоий тармоқлардаги иштирокчилар билан мулоқотга киришга қодир дастурни молиялашни сўраб ҳукуматга мурожаат қилгани ёзилади. АҚШ ҳарбийлари ўзларининг вебдаги фаолиятини кенгайтириш йўлларини излаяптилар, сабаби, улар айтишича, киберфазо жаҳон жанг майдонининг бир қисмидир ва уни назоратсиз қолдириб бўлмайди.

Ўзбек "интернет армияси"

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари мамлакатда нафақат Интернетга тўсиқ қўйилгани, бироқ Ўзбекистон танқид қилинган мақола ёки веб-саҳифаларига қарши руҳдаги шарҳ қолдириш фаол эканини айтадилар.

Интернет саҳифаларида бундай руҳдаги шарҳларни қолдириш билан шуғулланадиган Ўзбекистон махсус хизматларининг гуруҳлари борлиги ҳақида ҳам айтилган.

Дам олиш кунларида Боқуда бўлиб ўтган норозилик намойиши Фейсбук саҳифаси орқали уюштирилди
Сурат тагсўзи, Дам олиш кунларида Боқуда бўлиб ўтган норозилик намойиши Фейсбук саҳифаси орқали уюштирилди

Интернетни тадқиқот қилувчи журналист Қудрат Бобожон ҳам бундай кучлар борлигига ишонади.

"Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари собиқ шўро мамлакатлари ичида энг кўп сонли ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукумати (интернетни назорат қилиш учун) махсус ходимларни қўйиш имконияти бор деб ўйлайман. Бу хизматлар учун бепул тарзда, ёки қандайдир манфаат учун бу вазифани бажарувчи оддий одамлар ҳам кўп", - дейди журналист.

Кузатувчилар, ўзбек махсус кучлари томонидан ferghana.ru, uznews.net, centrasia.ru, bbcuzbek, ozodlik.org саҳифаларида шархлар қолдирилишини кузатиш мумкинлигини айтишади.

Мазкур шархлар ўзбек ҳукуматига қарши фикрдаги шахсларни нишонга олади.

"Бундай постингларнинг мазмуни шуки, улар асосан мухолифат партиялар лидерлари ҳақида турли бўҳтонлар уйдиришга қаратилган, журналистлар ҳақида ёлғон-яшиқ гапларни тарқатиш, омма орасида бирон мақола муаллифига қарши шубҳа уйғотишга қаратилган", - дейди Қудрат Бобожон.

Журналистга кўра, ҳақиқатга ёлғондек кўрсатиш бўйича интернетдаги бу ҳаракатлар "астротурфинг" деб номланади.

Ўзбекистонда интернетга бўлган ҳукуматнинг эътибори айниқса Яқин Шарқ ва араб давлатларидаги ғалаёнлар, ҳамда Озарбайжонда Фейсбук саҳифаси орқали уюштирилган намойишлардан сўнг ортди.

Интернетдаги эркинликдан хавотирлар

Шу ой бошида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги уяли телефон ва интернет провайдерларига янги йўриқнома йўллаган. Унда ҳукуматга қарши руҳдаги ёки оммавий тарздаги "шубҳали" смс ва постинглар ҳақида ҳукуматга хабар бериш буюрилади.

"Ҳар хил чақириқ, жамоатчилик орасидаги фаоллашувга қарши махсус компанияда бу провайдерлар ҳам иштирок этишади ва шубҳали абонентнинг алоқасини узиб қўйишгача боришади", - дейди Қудрат Бобожон.

Шунингдек, шу кунларда Ўзбекистон таълим вазирликлари миллий ахборот марказида матбуот анжумани ўтказиб, интернетдаги маълумотларни "фильтрлаш"ни сўрашган.

Матбуот анжуманида фикр билдирган расмийларнинг айтишича, бундан мақсад ўзбек руҳий ва ахлоқий қадриятларига қарши қарашлар ва фикрлардан ўзбекистонлик ёшларни ҳимоя этишдир.

Бироқ, танқидчилар бу таклифларни ҳам интернетдаги эркин сўзни бўғишга қаратилган чора дея баҳолашмоқда.