Ўзбекистон: партиявий рўзномалар муҳаррирлари ишдан четлатилди

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Ўзбекистонда парламент сайловлари яқинлашаркан, бирин-кетин амалдаги тўрт сиёсий партия рўзномаларидан учтасининг бош муҳаррирлари ишдан четлатилган.
Партия нашрлари таҳририятларидаги ўзгаришларнинг расмий сабаблари маълум эмас.
Ҳукуматга мухолифатда бўлмаган партияларнинг ўзи каби уларнинг нашрлари ҳам бирон танқидий чиқиш ёки долзарб муаммоларни кўтариши билан танилмаган.
Ўзбекистонда парламент сайловларини ўтказиш жорий йилнинг 21-декабрига белгиланган.
Теле ва радиоканаллар, матбуот ҳамда веб-сайтлар Ўзбекистондаги парламент сайловлари ҳақида кенг миқёсдаги кампанияни бошлаганлар.
Улар мунтазам равишда эълонлар бериб бормоқдалар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ҳақида хабарлар тарқатмоқдалар.
Бу тадбирларда сайловолди жараёнининг "демократия тамойилларига тўла мос келиши" таъкидланмоқда, экспертлар асосан сайлов қонунчилиги борасида жамоатчиликка маълумот бермоқдалар.
Хўш, парламент сайловига икки ойдан камроқ вақт қоларкан, тўрт сиёсий партия рўзномалари раҳбарларининг ишдан четлатилиши ортида қандай сабаблар турган бўлиши мумкин?
Умуман, Ўзбекистондаги партиявий матбуотнинг аҳволи қандай?
Би-би-си бу саволлар билан Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташановга боғланди.