Ўзбекистонда ўқишга кириш нега мунча мушкул?

Ўзбекистонда Олий ўқув юртларига рекорд даражада 600 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. Бир ўринга ўртача 10 талабгор тўғри келгани айтилмоқда. Ўзбекистонда олий маълумотли бўлишни истовчилар йилдан йилга ортаркан ўқув ўринлари етарли даражада кўпайтирилмаЯпти. Рақобатнинг баландлиги ва кириш имтихонларининг номукаммаллиги коррупцияга йўл очаётгани таъкидланади.
Бу йил ўтган йилга нисбатан қарийб 60 минг кўпроқ абитуриент ҳужжат топширган. Қабул қилиш квоталари эса деярли ўзгармасдан қолдирилган.
Ушбу ҳолат ўқишга кириш бўйича рақобатни янада кучайтирган. Термиз Давлат университетига бир ўринга энг кўп 20 та талабгор ҳужжат топширган.
Жиянини Қозоғистондаги Олий ўқув юртига ўқиш учун ҳужжат топширган Абдумалик аканинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда ўқув ўринлари кўпайишнинг ўрнига айрим соҳаларда қисқармоқда.
“Мен билган бир факультетга бошида 30 одам қабул қилинар эди. Бугунги кунга келиб ушбу миқдор 10 тага тушиб қолди. Аммо талабгорлар сони тушгани йўқ”, - дейди Абдумалик ака.
Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда хусусий ўқув юртлари деярли йўқлигини, бу давлат сиёсати билан боғлиқ эканлингини таъкидлайди.
“Хусусий олий таълим учун эшиклар деярли берк. Сабаби давлат мафкураси ва юқоридан аралашув бундай тизимларда имконсиз бўлиб қолади. Масалан, Қозоғистонда ҳар бир йирик шаҳарида керакли миқдорда хусусий ёки хориж давлатлари билан ҳамкорликдаги олий ўқув юртларини топиш мумкин. Университетлар ўртасида рақобат бор. Абитуриент ўз имконидан келиб чиқиб олийгоҳнинг рейтингига қараб ўқиш танлайди”, - дейди Абдумалик ака.
Бироқ Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларга эшиклар очилса, бу даргоҳларнинг талабалари пахтага ёки илк баҳордан кеч кузгача давом этадиган кўча ишларига қатнашишдан бош тортиши мумкин.
Бошқа томондан Ўзбекистонда барча соҳалар асосан давлат монополиясига асосланган ва олий ўқув юртлари ҳам бундан мустасно эмас.
Рақобатнинг ўта кучлилиги олий ўқув юртларига киришда порахўрликнинг ҳам авж олишига сабаб бўлаётгани таъкидланади.
Наргиза вилоятларнинг биридаги институтнинг Мусиқашунослик факультетига ўқишга кирган.
“Тестларни ўзим ечдим, лекин ижодий имтиҳондан 70 балл олиш учун 300 доллар беришга мажбур бўлдик. Чунки бошқалар ҳам ушбу имтиҳонни сотиб олгани учун рақобатга бардош бера олмас эдим”.
Давлат назорат органлари ҳар йили ўқишга киришдаги порахўрликнинг олдини олиш учун кучли назорат ўрнатишга ҳаракат қилади. Ушбу ишга аралашган мутасаддиларни қамашади.
Лекин пора бериб ўқишга кираётганлар камайгани йўқ.
“Ўтган йили ўғлимни вилоят политехника Университетига таниш билиш орқали киритдим, лекин бу йил назорат кучли бўлади, дейишяпти. Шунга қарамасдан қизимни 3 мингдан 5 минг долларгача пора бериб ўқишга киритишни гаплашяпман”, - дейди вилоятлик суҳбатдошимиз.
Кузатувчилар олийгоҳлар сони ва тури кўпроқ бўлиб, унга киролмаганларнинг иш топиш имконияти яхшироқ бўлганида порахўрлик камроқ бўлиши мумкинлигини айтишади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio































