“Қандим Марказий Осиёдаги йирик мажмуалардан бири бўлади”

Published

Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътибори Бухородаги янги газни қайта ишлаш мажмуаси барпо этилиши бошланганига қаратилмоқда.

19 апрел куни Бухоро вилоятида Қандим Газни қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши бошланиши муносабати билан тантанали маросим ташкил этилди.

Маросимда сўзлаган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа Марказий Осиёдаги энг йирик газни қайта ишлаш корхоналаридан бири бўлишини айтган.

“Ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши 2000 доимий иш ўрнини барпо этади”, деган Ўзбекистон бош вазири.

Лойиҳага Россиянинг Лукойл ширкати бош-қош бўлади.

Қандимдаги маросимда гапирган Лукойл раҳбари Вагит Алекперов сўзларига кўра, ушбу лойиҳа энг яхши мутахассислар ва замонавий технологияларни ўзида жамлайди, хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг энг юқори стандартларига таянилади.

Қандим Газни қайта ишлаш мажмуаси лойиҳаси илк босқичи 3 миллиард АҚШ долларидан зиёдга баҳоланаётгани айтилган.

Бу лойиҳа газни қайта ишлаш заводи, газни йиғиш шохобчалари, 370 километрлик газ узатиш қувури, 160 километрлик автомобил йўли, 55 километрлик темир йўл, сув узатиш тизими, ишчилар учун шаҳарча ва бошқа зарур инфратузилмалар қурилишини кўзда тутган.

Қандим мажмуаси қурилишида 7000 киши банд бўлиши хабар қилинмоқда.

Газни қайта ишлаш заводи йилига 8 миллиард кубометрдан ортиқ газ етказиб бериш қувватига эга бўлиши режалаштирилган.

Ўзбекистон нефт-газ саноати билан узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келадиган Россиянинг Лукойл ширкати Қандим лойиҳаси устида “Ўзбекнефтгаз” билан 2004 йилдан буён бирга ишлаб келади.

Лукойл 2014 йили Қандим мажмуаси қурилиши учун ва газни қайта ишлаш заводи асбоб-ускуналарини етказиб бериш борасида Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ширкати билан шартнома имзолаган.

Қандим Газни қайта ишлаш мажмуасининг 2018 йили ишга туширилиши мўлжалланган.

Вагит Алекперов сўзларига кўра, Лукойл 2015 йили Ўзбекистонда 6 миллиард кубометр газ қазиб чиқарган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг