"Органи учун 13 яшар қизни 10000 долларга сотмоқчи бўлган"

Сурат манбаси, Arsen Avakov
Украина полицияси хабар тарқатишича, харковлик ўқитувчи аёл 13 яшар қизни 10000 АҚШ долларига сотишга уринишда айбланмоқда.
Хабар қилинишича, қиз Харков вилоят боқувчиси йўқ ва ажрашган оилалар болалари уйида сақланган.
Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 52 ёшли ўқитувчи ва қизнинг фотосуратларини эълон қилган.
Аваков ёзишича, полиция уларни тўрт ой мобайнида кузатган.
Ички ишлар вазирига кўра, қизни сотиб олмоқчи бўлган "харидор" қизнинг ички органлари олиниши мумкинлигига ишора қилган.
Аваковнинг ёзишича, харидор ўқитувчига 1000 Украина гривнаси ёки 39 АҚШ доллари тўлаган ва қизнинг саломатлиги ҳақидаги гувоҳномаси ва фотосуратини талаб қилган.
Украина матбуоти гумонланувчининг исми-шарифини Галина Коваленко деб эълон қилган.
Ўқитувчининг Украин ва Рус тили ва адабиёти ўқитувчиси экани, 20 йилдан ортиқроқ педагог тажрибасига эга экани хабар қилинмоқда.
Матбуот ҳозирча Галина Коваленконинг баёноти тарқатилмаганини ёзмоқда.

Сурат манбаси, Arsen Avakov
Ички ишлар вазири Аваков ёзишича, "Галина (Коваленко) 13 яшар қизни сотиш "бизнес режаси" бўйича қарийб бир йил ишлаган".
Чунки қиз ёлғиз, ҳимоясиз бўлган.
"Улар қизни мактабдан харидорнинг олдига олиб келган ва пулни қабул қилиб олаётган пайтида жиноят устида ушландилар", деб ёзган Аваков.
Вазир Аваков ушбу жиноят ишини шахсан ўз назоратига олганини маълум қилган.
Агар ўқитувчи Коваленко айбдор деб топилса, 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Бундан олдин шарқий Оврўпо мамлакатларида уюшган жиноий гуруҳлар пулга муҳтож инсонларни "овлаш"лари, бу гуруҳлар инсонларнинг органлари савдосига ихтисослашгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Инсон органлари савдоси ўта даромадли деб кўрилади.
2013 йили Оврўпо Иттифоқи етакчилигидаги Косово маҳкамаси беш инсонни инсон органлари траффики бўйича жиноий гуруҳ тузишда айблор деб топган эди.
Бу беш киши ўнлаб ноқонуний донорларни Приштина шаҳридаги Medicus Clinic деб номланган клиникага олиб боришда айбдор деб топилганлар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг





























