Бош Вазирнинг чарм шими жанжал марказида

Сурат манбаси, Sunday Times/News Syndication
Сиёсий партиялар ичидаги жанжаллар ҳақида газеталарда тез-тез сарлавҳалар пайдо бўлади, аммо бу галги жанжалга чарм шим сабаб бўлди.
Икки ҳафта аввал Буюк Британия бош вазири Тереза Мей Sunday Times газетаси мухбирига ўз уйида ўтириб интервью берган, ва унга ўз болалиги, ҳамда Брексит уни тунда уйғоқ тутиши ҳақида сўзлаган.
Аммо, шов-шувга сабаб бўлгани Тереза Мейнинг сўзлари эмас, балки у суратга тушиш учун танлаган чарм шими бўлди. Айтилишча, бу шимнинг нархи 995 фунт стерлинг (1260 доллар).
Тереза Мей ҳукуматининг юқори даражали аъзоси - Таълим вазири Ники Морганга бош вазирнинг бу каби қимматбаҳо устбошда чиқиши афтидан ёқмаган.
"Менинг чарм шимим йўқ. Мен, тўй кўйлагимни ҳисобга олмаганда, ҳеч нимага бунча кўп пул сарфламаганман", - деб айтган Ники Морган Times газетасига. У, шунингдек, шимни Консерваторлар партияси аъзолари кўришгани ва ўзаро муҳокама қилишганини қўшиб қўйган.
"Мен учун бир чегара бор: бир нарсани кийишимдан аввал "Буни Лавборо бозорида қандай изоҳлайман?" - деб ўйлаб кўраман деган Лавборо шаҳри депутати Ники Морган.
Бу баёнотлари ортидан таълим вазири ўз партиядошлари танқидига учради.

Сурат манбаси, PA
"Ники Морган аёлларни ерга уряпти, чунки у Девид Камеронни ўта қимматбаҳо костюмлари учун ҳеч танқид қилмаганди", - деди Консерваторлар аъзоси Надин Доррис.
Танқидлар у ёқда турсин, таълим вазири Ники Морганни ҳатто Даунинг Стритдаги Брексит мажлисларига таклиф қилмай қўйишди.
Бош вазир маъмуриятининг бошлиғи Фиона Ҳиллнинг мажлисга келган бошқа собиқ вазирга ёзган СМСи газеталарга сирқиб чиқиб, Консерваторлар ичидаги жанжалнинг яна бир исботи бўлди.
СМСда Фиона Ҳилл собиқ вазир Алистейр Бёртга "Анови аёлни Даунинг Стритга бошқа олиб келмагин", деб ёзган.
Буни билиб қолган Ники Морган эса унга жавобан СМС ёзиб "Агар гапирган ё қилган қандайдир ишим ёқмаса, илтимос, юзимга айтинг. Ҳеч қандай эркак мени ҳеч қаерга олиб келмайди", дея ўзини ҳимоя қилган.
Бош вазир ва Ники Морган ўртасида адоват янги нарса эмаслиги ҳам аниқ бўлди.
Сирқиб чиққан мактубларга кўра, Морган бош вазирнинг мактаблардаги ноқонуний мигрантлар болалари масаласини кун тартибидан олиб ташлашига қарши чиққан.
Морган бош вазирликка номзодлар илгари сурилганда Мейни эмас, балки унинг рақиби Майкл Говни қўллаб-қувватлаганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг




























