Мигрантларни "чиқинди" деган депутат балога қолди

Uran DaStreetz
Сурат тагсўзи, Uran DaStreetz исмли озарий реппер ҳатто депутатга жавобан қўшиқ ёзди
Published

Озарбайжонлик депутат Россияга иш излаб кетган ватандошларини "жамият чиқиндилари" деб аташи ортидан қаттиқ танқидлар остида қолди.

Депутат Астан Шахвердиев радио суҳбат чоғида қуйидаги баёнотни қилди: "Россияга кимлар кетишини биласизми? Бу жамиятимиз чиқиндилари. Улар у ерда бозорларда ишлайдилар."

Шахвердиевнинг сўзлари Россияда ишлаётган кўплаб озарбайжонликларнинг ғазабига сабаб бўлди.

Кўп озарийлар ижтимоий тармоқларда депутатга видео-мурожаатлар ёзиб тарқатишди.

"Озарбайжонни бугун чиқиндилар бошқараяпти", - дейди Парвин Баҳрамўғли исмли муҳожир YouTubeга қўйган мурожаатида.

"Сен - депутат, нега ўзингга "Нима учун халқим Россия бозорларида ишлаяпти?" деб савол бермайсан?" - дея савол қўяди у.

"Озарбайжонда шароитлар яратганингизда, биз Россияга ёки бошқа жойларга кетмаган бўлардик", - дейди бошқа муҳожир.

"Озарбайжоннинг яхши-яхши ўғлонлари, мард ўғлонлари Европада, Россияда юрибди", - дея шикоят қилади бир аёл.

Uran DaStreetz исмли озарий реппер ҳатто депутатга жавобан қўшиқ ёзди.

"Ҳурматли депутат, нега бизнинг бечора халқимиз Россиянинг совуқ бозорларига кетяпти? Нега сайловчилар очликдан жабр чекаяпти, нега сайланганлар ўзига ҳашаматли иморатлар қуряпти?" - деб сўрайди у ўз реп қўшиғида.

Бошқа ғазабнок муҳожир депутатни "уятсиз" дея сўкиб, телефони экранига туфуради.

Кекса депутат ниҳоят ўз баёноти учун кечирим сўради.

Ўзбек "дангасалар"

Уч йил аввал Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаб, уларни "тиламчилар"га тенглаштирганди.

"Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканадики ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!" - деб айтганди Жиззах вилоятига сафари чоғида вилоят фермерлари ва фаоллари билан учрашган президент Каримов.

Ўзбекистоннинг собиқ президентига кўра, иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлар "шарманда қилади ҳаммамизни".

"Энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни," - деб айтганди Ислом Каримов.

Бироқ, унинг бу баёнотларига ўзбек мардикорлари орасида ҳеч қандай оммавий муносабат билдирилмаганди.

Марҳум президент мамлакат иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи нақадар катта экани ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётганини афтидан ҳисобга олмаган.

Унинг баёнотидан бир йил аввал, Россия Марказий Банкининг маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз Ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишганди.