Уруш осколкаси 72 йилдан сўнг олиб ташланди

Сурат манбаси, AFP
Хитойда 90 ёшли кекса аёлнинг оёғидан 1945 йилдаги бомба парчаси олиб ташланди.
Хитойда нашр этиладиган Guangming Daily рўзномасининг ёзишича, 90 га кирган Ху Жинхуа 72 йил олдин яраланган.
1945 йили Хитой ва Япония ўртасида уруш бораётган вақт Ху Жинхуа эри билан бирга жанг бораётган ҳудудлардан қочишга тушадилар.
Улар Хитой жанубидаги Гуанци вилоятидан чиқиб қариндошлари яшайдиган Кунминг шаҳрига етиб олишни мақсад қиладилар.
Қочоқлар устига Япония бомбардимончи самолёти бомба ташлаган.
Осколка Ху Жинхуанинг оёғига теккан.
Хабар қилинишича, ўшанда аёл тўрт ойлик ҳомиладор бўлган, шифокорга кўринишнинг имкони бўлмаган.
У қонаётган оёғини қаттиқ боғлаб, қон оқишини тўхтатган ва йўлларида давом этганлар.
Эртаси куни эр-хотин партизан жангчиларга дуч келганлар.
Партизанлар ҳам бомба парчасини олиб ташлолмаганлар.
Улар ҳам ярадор оёқни вақтинча боғлаб қўйишга қарор қилганлар.
Шу йил октябрида Ху Жинхуа оёғида қаттиқ оғриқ сеза бошлаган.
Ёши ҳам катта бўлгани учун чап оёғи шишиб кетган, юра олмай ётиб қолган.
Шифокорлар унинг чап оёғини кесиб ташламоқчи бўлганлар, бироқ оёғи кесилиши унинг ҳаётига хавф солиши мумкинлигидан чўчишган.
Жанубий Ҳунан вилоятидаги шифохонада жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, узунлиги 1 сантиметрлик металл парчаси оёқдан олиб ташланган.
Хитой матбуотининг ёзишича, Ху хонимнинг саломатлиги яхшиланиб бормоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002




























