Дунё: Нега ноқобил эркакларнинг аксарияти ҳаётда етакчиларга айланади?

A happy man, looking ecstatic celebrating being a winner - posed energetic image of male model celebrating his success. Pink background
    • Author, Ева Онтиверос
    • Role, BBC
  • Published

Ҳар ким ҳаётида, ҳеч бўлмаганда, «омадга эришган» эркаклардан бирига дуч келган. Улар ҳамманинг эътиборини жалб қила олади, ўзига ишончи юқори - аммо бундай «муваффақиятли» эркаклар ўз ишини бажаришда анчайин нўноқ. Шунга қарамай, улар одамлар назарига тушишга интилади ва бунинг уддасидан чиқади ҳам. Бунинг сабаби нимада? Томас Каморро-Премузич айни шу мавзу юзасидан тадқиқот ўтказиб, натижаларни биз билан баҳам кўришга қарор қилди.

«Ҳаётий соҳалар - сиёсатда ҳам, бизнесда ҳам - етакчилари ҳақида гап кетганда, биз уларнинг қобилиятига керакли даражада эътибор қаратмаймиз,» сўзлайди руҳшунос ва «Нега шунчалик кўп ноқобил эркаклар етакчиларга айланади?» китоби муаллифи доктор Томас Каморро-Премузич.

Уқувсизлик нега омад келтиради?

A male boss screaming at his younger colleagues

Сиёсат ёки бизнесда бирор етакчини танлаш жараёнида жиддий масъулият билан юзлашамиз - бироқ, ўзимиз англамаган ҳолда, олаётган танловимизнинг биз, жамият ва, ҳаттоки мамлакат учун қанчалик тўғри эканига ишонч ҳосил қилмай туриб, синалмаган одамларни танлаймиз, дейди Томас.

Томаснинг сўзлашича, биз қарор қабул қилиш жараёнида барибир қандайдир даражада мушоҳада юритамиз, лекин танлаётган шахсимизнинг қобилияти юзасидан батафсилроқ билишга имкон берувчи маълумотлар излашга уринмаймиз.

«Аввало, биз етакчининг қобилияти эмас, балки унинг ишончлилик даражасига катта эътибор қаратамиз,» тушунтиради Томас.

Мутахассиснинг фикрига кўра, кўп ҳолларда, етакчилар ҳақида телевидение орқали чиқишлар каби қисқа муддатли интерактив алоқаларга таяниб, хулоса чиқарамиз.

Иккинчидан, бизга "камтарлик сифатидан кўра харизма муҳимроқ."

Томас айтишича, одамлар камтарликка катта урғу беради, лекин етакчиларни танлашга келганда, биз кўнгилни овлашга уста шахсларни маъқул кўрамиз.

Бундай узоқни кўзламай чиқарилган хулоса орқали танлаган шахсларимизнинг бизга қанчалик фойда келтиришини қаердан биламиз, деган саволни ўртага ташлайди Томас.

Handsome and confident looking young man, looking sharp in a suit and looking at the camera
Сурат тагсўзи, Would you say 'no' to this - very confident face?

Учинчи ва, эҳтимол, энг муҳим нуқта - бу бизнинг ўзига бино қўйган етакчиларни кўпроқ афзал билишимиз.

"Қачонки, ўзига катта диққат қаратган ва олдига қўйган мақсадларини - гарчи бу мақсадлар бемаъни ва бефойда бўлсада - илгари суришнинг ҳадисини олган шахсларни кўрганимизда, уларнинг 'етакчилик қобилияти'га маҳлиё бўламиз," дея изоҳлайди Томас.

Инсон шахсияти бўйича ўтказилган турли тадқиқотлардан аён бўлишича, юқорида келтирилган уч тавсиф аёллардан кўра эркаклар орасида кўп учрайди.

Нега биз ноқобил етакчиларни танлашда давом этаверамиз?

A businessman is trapped in his glass office by a surplus of discarded ideas on paper . His female colleague in the next office is working more efficiently and is oblivious to him being trapped, as is a passing female office worker.

Назарий жиҳатдан биз бирор ўрин учун «энг муносиб» шахсни танлашни истасак ҳам, аслида, бундай қилмаймиз. Буни қандай тушуниш мумкин?

Томаснинг статистик маълумотлардан келиб чиқиб, хулоса қилишича, компаниялар ишга олинаётган шахснинг сифатларига қисқа муддатли мақсадларга асосланиб, муносабат билдиради. Айтайлик, «бу одам компания имижи учун яхши» ёки «бу одам муаммоларни тез қила олади» ё «бу шахс доим берилган топшириқни қулоқ қоқмай бажаради» каби қарашлар номзод танлашда биринчи ўринга чиқиб қолади.

Танланаётган шахснинг асл салоҳиятини ўрганиб чиқиш аксариятнинг хаёлига ҳам келмайди.

Муносиб номзодни қандай танлаш мумкин?

Roger Federer (Switzerland) playing the 2017 Gentlemen's Singles final at Wimbledon against Marin Cilic (Croatia).
Сурат тагсўзи, Remember, competence over confidence: tennis player Roger Federer "doesn't win tournaments because he's male or very confident, but because he's outstandingly talented"

Ҳар бир компания - ёки сиёсий демократик тузум - ноқобил шахсларни етакчи даражасига чиқариб қўйишдан сақланишни истаса, қуйидаги уч босқичли йўриқномага амал қилиши лозим.

1. Танлаш ёки сайлаш жараёнида номзодда етакчиликнинг ушбу асл сифатлари бор-йўқлигига жиддий эътибор қаратиш зарур:

  • Маҳорат
  • Инсонийлик хусусиятлари
  • Камтаринлик
  • Ўз-ўзини англаш
  • Ҳалоллик
  • Қизиқувчанлик ва ўзлаштириш қобилияти

2. Биз ўзимизнинг ички ҳиссиётларимизга ҳадеб қулоқ тутавермасликни ўрганишимиз керак. Етакчини танлаш пайтида ҳиссиётларингизни унутиш ва аниқ маълумотларни диққат билан ўрганиш орқали хулоса чиқаришга ҳаракат қилинг.

Сиз учун қанчалик ёқимсиз бўлмасин, етакчиликка номзоднинг асл юзини очиб берувчи бетараф маълумотларни изланг, уларни имкон қадар совуққонлик билан ўрганиб чиқинг. Етакчиликка даъвогарнинг баландпарвоз ва оташин нутқларига маҳлиё бўлиб қолманг.

Томас аксар ташкилот ва компаниялар ҳамда сайловчилар шундай маълумотларни йиғса ҳам, улардан самарали фойдаланмаслиги ва барибир «кўнгли тусаган» номзодни танлашини айтади.

3. Номзод танлашда жинслараро хилма-хилликка урғу беринг. Томас, кўп ҳолларда, сайлаш ва танлаш вақтида номзодларнинг иқтидоридан кўра уларнинг жинсига катта урғу берилиши, бунинг оқибатида раҳбарлик ёки ҳокимиятга уқувсиз шахслар келиб қолиши ҳақида сўзлайди.

Аёллар муаммонинг ечимими?

A female medical team talking

«Аёллар муаммонинг ечими эмас, муаммонинг ечими шахснинг иқтидори ва салоҳиятини жиддий синовдан ўтказишдадир,» дейди Томас.

Унинг сўзларига кўра, агар компаниялар ва сайловчилар етакчиликка энг муносиб шахслар келишини мақсад қилган бўлса, у ҳолда, аёлларнинг ўз қобилиятини намоён қилишга кенг имконият бериш лозим.

«Аёллар шахсий сифатлар, ҳалоллик, камтаринлик, ўз-ўзини англаш ва, энг муҳими, маҳорат бобида эркакларни бироз ортда қолдиради. Аксар ривожланган мамлакатларда аёлларнинг таълим олишдаги самарадорлик даражаси эркакларникидан юқори эканини кўриш мумкин,» фикрини якунлайди Томас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek