Мусулмон ёшларининг ўз мулоқот сайти Madina.com иш бошлади

Канададаги "Мадина Медиа корпорацияси" мусулмон ёшлари учун Madina.com ижтимоий тармоғини ишга туширган.
Ширкатга кўра, бу тармоқда энди дунё мусулмонлари ўзларининг исломий қадриятларидан узоқлашмаган ҳолда мулоқотга кириша оладилар.
Тармоқ асосчилари билдиришларича, Madina.com мусулмон дунёсининг Facebook ва Wikipedia веб-сайтларига жавобидир.
Madina.com тармоғи фаолият юритиш шакли бўйича интернет оламидаги Facebook ка ўхшайди, тармоққа аъзо бўлган инсонлар ўз блогларини очишлари, сайтга видеолавҳалар, мусиқалар жойлаштиришлари ҳамда гуруҳларга бирлашиши мумкин.
Янги мулоқот сайтининг мақсади интернет тармоғидаги "барча мусулмонларни бир платформага бирлаштириш, мусулмон олами, умуман инсоният учун ижобий ўзгаришларни яратиш", деб айтган ўзининг баёнотида Madina.com асосчиси Мустафо Пател.
Янги ижтимоий тармоқ билан бирга "Илмпедиа" деб номланган бепул, очиқ онлайн энциклопедияга ҳам асос солингани ҳақида эълон қилган Мадина жамғармаси.
"Wikipediaнинг аксилислом контентларига ҳамда муҳаррирларининг бир ёқламалигига қарама-қарши Мадина жамғармаси "Ilmpedia"га асос солганини эълон қилади", дейилади баёнотда.
"Ilmpedia" мусулмонларнинг ўзлари томонидан ёзилган, исломий уламолар томонидан тасдиқланган Ислом ҳақидаги аниқ, ишончли ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади деб кўрилаяпти", деб ёзишган сайт асосчилари.
Мадина жамғармаси вакилларига кўра, исломий маданият ва қадриятларга мос интернет макон ташкил этиш эҳтиёжи охирги йилларда кучайган.
Facebookда Исломга зид мазмундаги мавзулар пайдо бўлгани охирги кунларда яна мусулмонларни ғазаблантирди, Покистонда Facebook, Youtube сингари қатор сайтлар тақиқланди.































