Афғонистонда 'Ал-Қоида' тармоғи асосчиларидан бири ўлдирилди

Афғонистондан келаётган хабарларга кўра, учувчисиз учоқ томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида "Ал-Қоида" тармоғининг асосчиларидан бири Мустафо Абу ал-Язид ўлдирилган.
"Ал-Қоида" тармоғининг бу хусусдаги баёноти исломий веб саҳифаларда чоп этилган.
Унда айтилишича, келиб чиқиши мисрлик ва яна Шайх Масрий номи билан танилган Абу Язид рафиқаси ҳамда болалари билан бирга ҳалок бўлган.
Америкалик масъулларнинг айтишларича, ҳодиса яқинда Покистон ва Афғонистон чегарасидаги қишлоқларнинг бирида юз берган.
Бу ер учувчисиз учоқлар томонидан тез-тез нишонга олиб турилади.
Бундан аввал ҳам Шайх Масрийнинг ўлдирилганига оид хабарлар тарқалганди.
Бироқ улар ҳеч қачон ўз тасдиғини топмаган.
Шайх Масрий "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодиннинг энг яқин ҳамкорларидан бири сифатида кўрилади.
У "Ал-Қоида" тармоғининг асосчиларидан бири ва Усама бин Лодиннинг собиқ ғазначиси бўлган.
Америка жосуслик хизматларидаги манбаларга кўра, Шайх Масрий бу гал ҳақиқатда ҳам ўлдирилган.
Манбаларнинг айтишича, бу хусусда жиддий асослари бор.
Абу ал-Язиднинг молиявий ишлардан тортиб, ҳужумларни режалашга қадар тармоқ фаолиятининг барча қирраларида фаол бўлгани ишонилади.
Агар унинг ўлимига оид хабарлар рост бўлиб чиқса, бу америкаликлар учун катта ютуқ бўлади.
SMS рақамимиз: +447786201124































