Ғазопараст фаоллар Туркияда олқишлар билан кутиб олинди

Ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдамларини етказиш мақсадидаги "Озодлик флотилия"сидаги фаоллар Исроил депортация қилганидан сўнг Туркияда қаҳрамонлардек кутиб олинди.
Фаоллар ўтирган учта учоқ тунда Исроилдан Истанбулга учиб борган.
Исроил ҳарбийлари кўмак ортилган олти кемани қўлга олиш пайтида ўлдирилган тўққиз фаол жасади ҳам учоқ орқали Туркияга етказилган.
450 дан ортиқ Ғазопараст фаолни кутиб олиш учун Истанбул аэропортига Туркия Бош вазири ўринбосари Булет Аринж ва бир неча парламамент аъзолари чиққанлар.
Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху Исроилнинг душанба куни кемаларни ишғол қилиб қўлга олишдан "бошқа чораси" йўқ эди, деб айтган.
Фаоллар Исроил ҳарбийларини шафқатсизликда айбладилар.
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолари Исроил ҳарбийларининг қон тўкилишига сабаб бўлган амалиётини мустақил текшириш бўйича овоз берганлар.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Исроилдан Ғазо бўлгасига жорий этган қамалини зудлик билан бекор қилишга чақирди.
Жаноб Пан сўзларига кўра, қамал самарасиз, адолатсиз ва нотўғри бўлган.
Истанбул аэропортида минг киши атрофида намойишчилар тўпланганлар, улар Туркия ва Фаластин байроқларини ҳилпиратиб, аксилисроил шиорларни ҳайқирганлар.
Исроилдан қайтган фаолларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилишларидан илгари тиббий текширувдан ўтишлари лозимлиги айтилган.
Исроил расмийларига кўра, "Озодлик флотилияси"даги энг йирик кемалардан бирини қўлга олиш пайтида нобуд бўлган тўрт инсоннинг Туркия фуқаролари экани аниқланган, яна беш кишининг шахси номаълум қолмоқда.
Чоршанба куни Анқарага бир неча жароҳатланганлар олиб борилган.
Исроил расмийлари яна етти инсоннинг аҳволи оғир эканини, улар ўзлари ҳаракатланишга қодир бўлгунларича Исроил шифохоналарида қолишларини айтганлар.
SMS рақамимиз: +447786201124































