ICG ва HRW: Қирғиз ҳарбий ва хавфсизлик ходимлари зўравонликлар иштирокчиларидирлар

Published

Халқаро Инқироз гуруҳи ва Хюман Райтс Уотч ташкилоти БМТ Хавфсизлик Кенгашига қўшма мактуб йўллаганлар.

Мактубда Қирғиз ҳарбий ва хавфсиз ходимлари зўравонлик олдини ололмаганлар эмас, балки фаол иштирокчилари бўлганлар, дейилади.

"Биз БМТ Хавфсизлик Кенгашини Қирғизистондаги инқирозга нисбатан зудлик билан чора кўришга чақирамиз", дейилади икки халқаро ташкилот мактубида.

"Ўлимлар сони расмий ҳисоб-китобдаги 200 га қараганда анча кўп ва Қирғизистон ичкарисида, Ўзбекистон чегараси бўйлаб 400 минг инсон жойини ташлаб кетган экан, бу вазият халқаро тинчлик ва хавфсизликка салмоқли таҳдид туғдиради".

"Қирғиз расмийлари зўравонликларни тўхтатиш ва инқирозни ҳал этишда тўғридан-тўғри масъулдирлар", дейилади очиқ хатда.

Бироқ ҳукумат зиммасидаги бу вазифаларни уддалашга қодир эмаслиги ҳақида етарли далиллар бор, Қирғиз расмийларининг ўзлари салмоқли кўмакка муҳтож эканликларини эътироф этганлар.

"Ўтган ҳафтада этник асосдаги зўравонликлар Ўш ва Жалолободни қамраб олди, оқибатда қотилликлар, жинсий зўрлашлар, калтаклашлар содир этилди ва кенг миқёсда уйлар ва бошқа мол-мулкка ўт қўйилди. Қирғиз ҳарбий ва хавфсизлик ходимлари нафақат зўравонлик олдини ололмаганлар, балки айрим ҳолларда зўравонликларнинг фаол иштирокчилари бўлгани ҳақидаги хабарлар сони ортмоқда", деб ёзишган Халқаро Инқироз гуруҳи ва Хюман Райтс Уотч раҳбарлари.

Халқаро ташкилотлар сўнгги кунларда ҳужумлар ҳақидаги хабарлар камайгани, бироқ ҳамон юз бериб турганини эслатишади.

"Вазият барқарорлашгани ҳақидаги даъволар таранг қарама-қаршилик сақланиб қолаётгани борасида нотўғри тасаввур беради. Ўшда қолаётган этник ўзбеклар айрим ҳолларда ихоталаниб қолган маҳаллаларда қамалиб қолганлар, баррикадалар ортида қўрқувда яшамоқдалар. Ҳукуматнинг ўзи янги зўравонликлар ҳар дақиқада олов олиб кетиши мумкинлигини тан олаяпти", дейилади мурожаатда.

Ушбу мактубда инсонпарварлик кўмакларини тарқатиш билан боғлиқ аҳволдан ҳам хавотир билдирилган, инсонпарварлик ташкилотларининг чиндан-да ёрдамга муҳтож инсонларга етиб олишда катта қийинчиликларга дуч келаётгани, ёрдамларни ўғирлаш ва талон-тарож қилиш ҳоллари юз бераётгани маълум қилинган.

Қирғизистонга тезкорлик билан халқаро хавфсизлик ёрдами кўрсатиш зарурлигини таъкидлашган икки ташкилот.

Халқаро Инқироз гуруҳи ва Хюман Райтс Уотч ташкилоти раҳбарлари Луиз Арбур ва Кеннет Рос зўравонликлар учун масъулларни, шу жумладан давлат мансабдорларини жавобгарликка тортиш узоқ муддатли барқарорлик ва ярашиш учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини айтганлар. Ҳукумат жиноятларни тергов қилиш, гувоҳларни ҳимоя қилишни рағбатлантириши лозимлиги айтилган.