АҚШ ўнта "рус жосуслари" ҳибсга олинганини эълон қилди

Жосусликда гумон қилинганлар
Published

АҚШ Адлия вазирлиги Россия фойдасига жосусликликда гумон қилинган 10 одам ҳибсга олингани ва улардан беш нафари аллақачон маҳкама ўнгида ҳозир бўлганини эълон қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳозирда тарқатилган хабарни ўрганаётганини айтади.

Ҳибсга олинган шахсларга хорижий ҳукуматга ноқонуний ишлаш айблови қўйилган.

Ушбу айблов беш йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Бироқ ҳибсга олинган шахсларга расман жосуслик айблови қўйилмаган.

Россия Ташқи разведка хизмати (ТРХ) жосусликда гумон қилинган шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни ҳозирга қадар изоҳламади.

"Бу хабарни биз шарҳламаймиз", - деди ТРХ матбуот бюросининг бошлиғи Сергей Иванов РИА Ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Қўшимча шарҳ беришдан бош тортган Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса: "Вазиятни аниқлаштириш зарур. АҚШдан бир-бирига зид бўлган хабарлар келаяпти", - дея баёнот берди.

Шанба куни ҳибсга олинган 8 одам Америка ҳудудида "узоқ муддатли хуфия фаолият олиб бориш"да айбланмоқда. Ҳибсга олинган яна икки шахс жосуслик фаолиятига ҳамкорликда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари ҳибсга олинган 9 шахс пулни ноқонуний ўзлаштиришда айбланмоқда. Ушбу айблов, АҚШ қонунларига кўра, 20 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, жосусликда гумон қилинган яна бир шахс ҳамон озодликда.

Нью-Йорк штати маҳкамасига тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ, ҳибсга олинган шахслар Россия Ташқи разведка хизматида тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳукумат доираларига кириш ва маълумот тўплаш топшириғи билан Қўшма Штатларга юборилган.

Жосуслар ҳақидаги ҳикоялар

Би-би-си мухбири Ким Ғаттас сўзларига кўра, бу иш XXI-аср технологияларидан фойдаланиб иш кўрган совуқ уруш йилларидаги ҳикояларни эсга солади.

Изқуварларнинг таъкидлашларича, ҳибсга олинган шахсларнинг бир нечтаси сохта паспортлар билан АҚШда 1990-йиллар бошидан яшашган ва электрон почталар орқали кодланган хабарларни юбориб туришган.

Федерал Разведка Бюроси ходимлари айбланувчи шахсларга аталган пулларнинг белгиланган жойларга кўмилганини ҳикоя қилишади.

"Сиз АҚШга узоқ муддатли топшириқ билан юборилгансиз, - дейилади Америка контрразведкаси қўлга киритган хуфия хабарлардан бирида. - Сиз олган таълим, банк ҳисоб рақамлари, автомобиллар, уйлар ва бошқа нарсаларнинг барчаси бир мақсадни ижро этиш учун хизмат қилади: АҚШ сиёсий доиралари билан алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш ҳамда разведка маълумотларини юбориб туриш".

Тергов маълумотларига кўра, агентлар қурол-аслаҳа ихтироси билан шуғулланган олим ва Америка разведкасининг собиқ юқори ходими билан яқин алоқани ўрнатганлар.

Ғалати тахаллуслар

Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳибсга олишлар бир неча йил давом этган давомли кузатувлардан кейин амалга оширилган.

Душанба куни Манҳэттен федерал маҳкамаси ўнгида Ню-Жерси штатининг Монтклер шаҳрида ҳибсга олинган Ричард ва Синтия Мерфи, Нью-Йорк штатининг Йонкерс шаҳрида ҳибсга олинган Вики Пелаес ва Хуан Лазаро номли эркак, ва Манҳэттендан Анна Чапман ҳозир бўлганлар.

Яна уч шахс - Михаил Семенко ва Майкл Зоттоли ва Патрисиа Миллз исмли эрк-хотин Виржиния штатидаги Александрия федерал маҳкама ўнгида ҳозир бўлишади. Уларнинг бари Арлингтон шаҳридаги уйларида ҳибсга олинганлар.

Дональд Хауард Хитфилд ва Трейси Ли Энн Фоли исмлари билан маълум икки шахс эса Бостонда ҳибсга олинганлар ва айни шаҳар федерал маҳкамаси ўнгида ҳозир бўлишади.

Жосусликда гумон қилинган гуруҳининг яна бир аъзоси Кристофер Р. Метсос эса очиқда қолмоқда.

Би-би-си мухбири Ким Ғаттас сўзларига кўра, ушбу ҳодисалар Россия ва АҚШ алоқалари илиқлашаётган бир пайтда, кутилмаганда юз берди.

Бор йўғи бир ҳафта муқаддам Дмитрий Медведев Вашингтонда Барак Обама билан тушлик қилганди.