Би-би-си Журналистика мактабининг радиожурналистлар учун сабоқлари

Published

Би-би-си Журналистика мактаби Би-би-си Жаҳон хизмати билан ҳамкорликда журналистларнинг кундалик фаолиятида зарур қўлланмаларни ишлаб чиққан.

Улардан бири овоз ва микрофонга бағишланади.

Жонли эфирда эшиттириш олиб борадиган бошловчилар учун маслаҳатлар

Овозингизга ҳар доим парваришда бўлинг ва эфирга чиқишдан олдин овозингиз “қизиб олгани”га, зарур даражадаги меъёрни эгаллаганига ишонч ҳосил қилинг!

Овоз тарбияси бўйича мутахассис Элспес Моррисон, радио ёки тележурналист экансиз, овозингиз сизнинг касбингиздаги энг асосий восита, дейди.

Шундай экан, овозга эътибор зарур.

Бу ўринда сув сизнинг энг яқин дўстингиз ҳисобланади. Сиз кун бўйи нима қилаётганингиздан қатъи назар, тўғридан-тўғри эфирга чиқаяпсизми ё студияда ниманидир ёзаяпсизми, ҳар доим томоғингиз яхши ҳўлланган бўлсин.

Овоз учун нима ёмон?

Элспес чекиш, қаҳва каби нарсаларга эҳтиёт бўлишни маслаҳат беради. Шунингдек, айрим егулик ва қабул қилинадиган дори-дармонлар борки, улар томоқни қуритиши ёки овозингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Овоз учун энг яхши нарса нима, деган саволга жавоб бериш мушкул, сабаби бир инсоннинг организми иккинчисиникидан фарқ қилади. Бироқ энг яхши маслаҳат шуки, алоҳида вақт ажратиб, “менинг овозим учун қайси нарса яхши, нима ёмон” деган савол устида ўйлаб кўриш.

“Қизиб олиш”

Сизнинг овозингиз танангиз ўзини қандай ҳис қилаётганини намоён этади.

Тунги ёки тонгги дастурлар пайтида сиз буткул уйғоқлигингизга қарамасдан овозингиз уйқусираган одамникидек чиқиши мумкин. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди.

Овозни қисқа фурсатда тетик, бардам қиладиган бир неча техник усуллари мавжуд.

Элспес овоз ёзишни бошлашдан илгари тана вазияти, кўкракнинг туришини текширишни маслаҳат беради – букчайиб ўтириш овоз сифатига салбий таъсир қилиши мумкин.

Айрим кишилар тик туриб олишни маъқул кўришади.

Агар реал ҳаётда қўлларингизни кўп ҳаракатлантириб гапирадиган одатингиз бўлса, микрофон олдида ҳам қўлларингизни ҳаракатлантиринг, акс ҳолда овозингиз табиий чиқмайди.