Ироқ собиқ ташқи ишлар вазири Тариқ Азизга ўлим жазоси ҳукми ўқилди

Ироқ Олий маҳкамаси узоқ йиллар мобайнида Саддам Ҳусайн режимининг халқаро саҳнадаги асосий вакили бўлиб келган сиёсатчи Тариқ Азизга ўлим жазоси чиқарган.
Тариқ Азиз Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайннинг яқин маслаҳатчиси бўлган.
У Ироқ ташқи ишлар вазири ва Ироқ бош вазири ўринбосари лавозимларини эгаллаган.
Ироқ Олий маҳкамаси қарорида айтилишича, Тариқ Азизга Саддам Ҳусайн ҳукмронлиги йилларида диний гуруҳлар вакилларини таъқиб этишдаги иштироки учун ўлим жазоси тайинланган.
2009 йилда Тариқ Азизга 42 ироқлик савдогарни қатл этишдаги роли учун 15 йиллик қамоқ жазоси белгиланган эди.
Шунингдек, ироқлик курдларни яшаш жойларидан ғайриихтиёрий кўчиришда қатнашгани учун деб етти йиллик қамоқ ҳукми чиқарилган эди.
Тариқ Азиз Саддам Ҳусайн режимидаги кам сонли насронийлардан бири бўлиб, АҚШ қўшинлари 2003 йилда Бағдодни эгаллаганларидан кўп ўтмай, америкаликларга таслим бўлган эди.
Хабарларга кўра, Тариз Азиз ҳозир 74 ёшда ва жиддий бетоб.






























