Покистон: Wikileaksдаги ядровий қуролларимиз борасидаги хавотирларга асос йўқ

Published

Покистон ўзининг ядровий материаллари террорчиларнинг қўлига тушиб қолиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни рад этган.

Покистоннинг Британиядаги элчиси Важид Шамсул Ҳасаннинг Би-би-сига айтишича, ядровий қуроллар ишончли қўлларда экани ҳақида доим Америка мулозимларига айтиб келишган.

Wikileaksнинг сўнгги ошкорларидан Американинг Покистондаги барқарорликка доир хавотирлари намоён бўлган.

Ҳужжатларга кўра, Покистоннинг қудратли, юқори лавозимли ҳарбий мулозими Генерал Ашвақ Кайани мамлакат президенти Осиф Али Зардорийни ағдаришга бел боғлаган.

Зардарий жаноблари эса ўз жонига қасд қилинганда қандай йўл тутиш керак дея режалар ишлаб чиққан.

Wikileaksдаги маълумотлар, шунингдек, Вашингтон билан Исломобод ўртасидаги муносабатлар қанчалар мураккаб табиатга эканини урғулаган.

Покистоннинг ядро қуроллари борасидаги хавотирлар асослидир, деб ёзади Би-би-си мухбири Ник Чайлдс.

Wikileaks ошкор этаётган ҳужжатларда ҳар икки томон, айниқса Вашингтон бир томондан ва Покистоннинг ҳарбийлари ҳамда хавфсизлик ташкилотлари иккинчи томондан бир-бирига ишончсиз муносабатда қолаётгани кўринади.

Бошқа томондан Америка элчиси ўз мамлакатининг Покистонга ёрдамини ошириш билан ўзи истаётган мақсад - Исломободнинг мамлакат ҳудудидаги жангариларни жиловлашга қанчалар эришишига билдирган шубҳаси ўртага чиқади.

Бу эса фақат Афғонистон билан боғлиқ эмас.

Шунингдек, жангари гуруҳлару Покистоннинг ички муаммолари ҳам ўта аҳамиятли ўринда эмас.

Бу Исломободнинг минтақада ўзининг узоққа кўзланган манфаатлари ва Ҳиндистон билан рақиблиги билан ҳам боғлиқ.

Вашингтон, шунингдек, Покистон ҳукуматининг қанчалар заифлигидан ҳам ташвишда экани кўринади.

Алҳол, бу каби хавотирларнинг ҳеч бири катта бир янгилик бўлмаса-да, дипломатик ёзишмаларнинг ошкор бўлаётгани очиқ мубоҳасаларга ҳали-бери нуқта қўймаслиги тайин, деб хабар қилади ББС мухбири.