Хитой кексаларга ғамхўрликни қонунлаштирмоқчи

Хитой ҳукумати кексайиб қолган ота-оналарига ғамҳўрликни фарзандлар учун мажбурий вазифа этиб тайинловчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.
Қонун лойиҳасида айтилишича, ота-оналар ўз фарзандларидан руҳий ва жисмоний қўлловни ҳатто маҳкама орқали ундириш ҳуқуқига ҳам эга бўладилар.
Кексалар ва ота-онага ҳурмат ва ғамхўрлик асрлар мобайнида Хитой анъаналарининг таркибий қисми бўлиб келган.
Лекин оилавий қадриятлар замон талаблари босими остида қолмоқда.
Ишга лаёқатли ёшлар кўп ҳолларда узоқ ўлкаларга кетиб меҳнат қилишга мажбурлар.
Бошқа томондан замноавий ҳаёт суръатларининг ўта шиддатли экани, фаровон турмушга етишиш учун кун давомида узоқроқ ишлаш каби омиллар яқинлари ўнгидаги бурчларни адо этиш учун тобора камроқ вақт қолдирмоқда.
Кексалар сони эса охирги йилларда Хитойда анча кўпайди. Бу ўз навбатида турли иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Хитой аҳолисининг саккиздан бир қисми, яъни 167 миллион киши ёши 60 дан ошганлардир. Яна бир миллион кишининг ёши 80 дан ошган. Бу кексаларнинг ярмидан кўпи ёлғиз яшайди.
Хитойда йиллар мобайнида жорий этилган ягона фарзандга эга бўлиш чеклови ҳам кексаларга қараш имкони бўлганлар сонининг камайиб кетишига олиб келган.
Мамлакатда қариялар уйи сони ошиб бормоқда. Айни вақтда ёлғиз яшаётган кексаларнинг оламдан ўтишлари, фарзандлари ва ё қўшнилари бундан бир неча кун ўтиб хабар топишлари ҳоллари ҳам кўпаймоқда.
Лекин қонун орқали кексаларга ғамхўрликни мажбурий этиб тайинлаш самара беришига ҳамма ҳам ишонмайди.
Уларнинг айтишларича, ҳукумат инсонларни бирон амалга мажбурлашдан кўра маънавий тарбия ва тушунтириш ишларига кўпооқ эътибор қаратмоғи лозимдир.































