Ҳусни Муборакка истеъфо талаби билан босим ортмоқда

Published

Ўзининг телевизион мурожаатида Президент Ҳусни Муборак Мисрда ҳокимият тинч йўл билан алмашиши учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилишга ва конституциявий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган.

Аммо жаноб Муборакнинг телечиқиши намойишчиларни тинчлантиргани ва ё тарқата олгани йўқ.

Чунки жаноб Муборак ўз нутқида намойишчиларнинг бош талаби - зудлик билан президентликдан кетиши ҳақидаги чақириқларни жавобсиз қолдирди.

"Мен шуни очиқ-ойдин айтай - конституицяга биноан менга берилган ваколат доирасида муддатим охиригача келаси ойлар ичида ишимни давом эттираман. Бу - ҳокимиятни силлиқ ва тинч йўлда топшириш мақсадида амалга оширилади", деди Президент Ҳусни Муборак.

Аммо Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонида тўпланганлар орасида кимдир президентнинг тулупини дорга тортган, кимдир "Муборак кет!" деган шиорни кўтариб олган, яни кимдир "Интернетга тўсишни бас қил" деган ёзувни ушлаб олган.

Мисрликлар узоқ йиллардан бери ҳокимиятда ўтирган президентнинг муҳлати тугашини кутишга бошқа сабр-тоқатлари қолмаганини изҳор этишди.

Нафақат Мисрда халқ орасида, балки халқаро доирада ҳам Ҳусни Муборакнинг нутқига муносабат билдирилди.

АҚШ Президенти Барак Обама Мисрда ўзгаришлар зарурлигини қайд этди.

Президент Барак Обама айни пайтда намойишга чиққан халқига ўт очмагани учун Миср ҳарбийларини олқишлади.

Шу қаторда, Америка Миср ёшларининг дард ва истакларига эътиборсиз эмас, деб урғулади.

"Миср халқи, миср ёшлари. Шуни очиқ-ойдин билдирай - биз сизнинг овозингизга қулоқ тутамиз. Сиз ўз келажагингиз, фарзандларингиз келажаги учун яхшироқ кунлар келади деган ваъдалар амалга ошишига қатъий бел боғлагансиз. Мен буни Миср ва АҚШ ҳамкорлигини йўлловчи бир инсон сифатида айтаяпман", деди Президент Обама.

Оқ уй соҳиби Мисрни ким бошқаришини чет давлатлар эмас, фақатгина Миср халқининг ўзи ҳал қилиши лозим деб урғулаган.

Бироқ Миср тақдирига дунё бефарқ қараб турмаслиги аён.

Чунки Миср Яқин Шарқ ва бутун араб дунёсидаги стратегик муҳим давлат.

Бу мамлакатдаги ўзгаришлар қўшни араб ва ҳатто бошқа мусулмон ўлкаларига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида фикрлар мавжуд.

Президент Ҳусни Муборак бошқаруви даврида кучли дунёвий мухолифатга йўл очилмагани учун эндиликда Миср халқи исёни исломий кучларга қўл келмасмикан деган хавотирлар нафақат минтақадаги Исроил каби давлатларда, балки Ғарбда ҳам хавотирлар уйғотган.

Искандариядан профессор Муҳаммад Абдулла, жаноб Муборак тарафдори ва ундан кейин Миср тартибсизлик қаърига чўкади, деган хавотирда.

"Агар Миср исломчилар қўлига ўтса, унда сиз ғарбликлар азият чекасиз. Биринчи бўлиб сиз зарар кўрасиз. Чунки Яқин Шарқдаги барқарорлик ва тинчлик чилпарчин бўлади", деб айтди профессор Муҳаммад Абдулла.

Миср мухолифати эса Муборакнинг муҳлати тугаб кетиши ҳақидаги нутқи анча кечикканини айтмоқда.

Марказчи "Ал Ғаад" вакили Ваил Наварага кўра, президент ҳали бир ҳафта олдин халқ олдига чиқиши керак эди. Энди эса кеч бўлган.

Бугун Ҳусни Муборак қолиши керак деган овозлар ҳам янграмоқда.

Аммо Миср халқининг аксариси - 30 йилдан бери Мисрни бошқариб келган президент Муборакнинг даври ўтди деган фикрда.

Мисрликлар аксар халқнинг камбағалликда яшаб, бир ҳовуч одамларнинг бойишига ортиқ тоқат қилмасликларини айтишмоқда.

Аксар маълумотли ва дунёдан бохабар бўлаётган ёш мисрликлар мамлакат қашшоқлик, ишсизлик, порахўрлик ва эрксизлик каби балолардан ҳоли бўлиши керак деган фикрдалар.