9/11 сентябр ҳужумлари 'ташкилотчиси' Гуантаномада маҳкамага тортилади

Америкалик қораловчиларга кўра, Холид Шайх Муҳаммаднинг ишини ортиқ орқага суриб бўлмайди
Сурат тагсўзи, Америкалик қораловчиларга кўра, Холид Шайх Муҳаммаднинг ишини ортиқ орқага суриб бўлмайди
Published

2001 йил 11 сентябрда Нью Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган ҳужумлар ташкилотчиси деб кўрилган Холид Шайх Муҳаммад ва яна унинг тўрт шериги фуқаровий эмас, балки ҳарбий маҳкамага тортилади.

Америкалик масъулларнинг билдиришларича, уларнинг иши Гуантанамо базасида ҳарбий ҳайъат томонидан кўриб чиқилади.

Кутилмаган қарорларини эълон қиларкан, АҚШ Бош қораловчиси Эрик Ҳолдер, "маҳкама жараёнини ортиқ орқага суролмасликлари"ни баён қилган.

Президент Барак Обама яқинда террорчиликда гумон қилинаётганлар учун мўлжалланган янги ҳарбий маҳкама жараёнларига қўйилган тақиқни бекор қилганди.

Жаноб Обама АҚШ Конгрессини зиддиятларга сабаб бўлиб келаётган Гуантанамо базасини ёпиш ва террорчиликда гумон этилаётган айрим маҳбусларни мамлакатнинг фуқаровий маҳкамаларига тортиш режасига қаршилик қилиш билан миллий хавфсизликка раҳна солаётганликда айблаган.

АҚШ Бош прокурори Адлия вазирлиги Холид Шайх Муҳаммад ва қолган тўрт айбланувчига нисбатан "кучли далиллар"ни илгари суришга ҳозирлик кўриб қўйганлигини ҳам билдирган.

Жаноб Ҳолдер ушбу маҳкама ишида ўлим жазоси эҳтимолини ҳануз назардан соқит этмаслигини ҳам баён қилган.

Холид Шайх Муҳаммад 2003 йилда Покистонда қўлга олинган ва ўшандан буён америкаликлар томонидан ҳибсда сақланиб келади.

2007 йилда бўлиб ўтган маҳкама тингловида у Гуантанамо базасида қийноққа тутилганлигини ҳам даъво қилган.

Холид Шайх Муҳаммаднинг иддаолари Америка Жосуслик Хизматининг ҳужжатларида ўз тасдиғини топган.

Ҳужжатларга қаралса, у 183 марта сувга бўктириб, қийналган.

Америка ҳарбийларига кўра, у 2001 йил 11 сентябрда Вашингтон ва Нью Йоркка қарши уюштирилган ҳужумлардан ташқари, дунё бўйлаб 30 дан ортиқ террорчилик фитналарига бош қўшганини тан олган.

Волид бин Атташ, Рамзи Биналшибҳ, Али Абдул Азиз Али ва Мустафо Аҳмад ал-Ҳавсавий ҳарбий маҳкамага юз тутажак қолган айбланувчилардир.

Аҳмад ал-Ҳавсавий 11 сентябр ҳодисаларида учоқларни ўғирлашда Холид Шайх Муҳаммадга молиявий жиҳатдан ёрдам берган икки асосий шахсдан бири экани айтилади. Унинг келиб чиқиши саудияликдир.

Шайх Муҳаммаднинг қариндоши бўлган Али Абд ал-Азиз Али эса, унинг асосий ёрдамчиси бўлиб хизмат қилишда айбланмоқда.

Пентагонга кўра, асли яманлик Волид Бин Атташ 2000 йилда Яманда Америкага қарашли ҳарбий кемага уюштирилган ҳужумга бош-қошлик қилганини тан олган. Ўшанда 20 га яқин денгизчи қурбон бўлишганди. Волид, шунингдек, 11 сентябр ҳужумларида ҳам иштирок этишда айбланган.

Ҳарбий трибуналлар америкалик бўлмаган ва Оқ Уй томонидан "рақиб жангчилар" сифатида кўрилган маҳбуслар учун ташкил этилганди. Бу каби маҳбуслар бошқа оддий тақдирдошлари эга бўлган қонуний ҳуқуққа лойиқ кўрилишмайди.

Мазкур маҳкама жараёнлари нафақат маҳбусларга муносабат, балкида Америка ҳарбий ҳайъатларининг қанчалик қонуний эканига оид саволларни ҳам ўртага чиқарганди.

11 сентябр ҳужумларида эса, 3.000 га яқин киши қурбон бўлган эди.