Миср армияси Муборак маҳкамасини талаб қилаётганларни бостирди

Сурат манбаси, AP
Миср қуролли кучлари бугун тонгда пойтахт Қоҳирадаги Таҳрир майдонига йиғилган юзлаб намойишчиларни куч билан тарқатишга уринар экан, камида икки киши ҳалок бўлгани айтилади.
Етмишдан ортиқ инсон яраланган.
Бир кун аввал жума намози ортидан юзлаб намойишчилар мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ва ёрдамчиларининг маҳкамага тортилишини талаб қилиб, норозилик намойишини уюштиришганди.
Қўшинлар шанба куни уларни тарқатиш учун ҳавога қарата ўт очишган, таёқлар билан калтаклашган.
Намойишчилар тонг отиши билан яна Таҳрир майдонини эгаллаб олганлар, намойишчилардан бири мухбирларга "биз армияни қувиб солдик, армия устидан ғалаба қилдик", деб айтган.
У мухбирларга ердаги қон изларини кўрсатган.
Жума куни тунда Таҳрир майдонида отишма овозлари эшитилган. Шифохонага ётқизилган ярадорларнинг айримларида ўқотар қуролдан олинган жароҳатларни кўриш мумкин.
Майдонда тўпланганлар армия уларни тўқмоқлар билан уриб, ўқ отиб тарқатишга уринганини айтганлар.
Бироқ, Миср армияси воизи намойишчиларга қарата "ҳақиқий ўқ отилмади" деб айтган.
Армия номидан чиқарилган баёнотда тунги комендантлик соатини бузишга уриниш бўлгани айтилади.
Қуролли кучлар шундай одамлар тарқатиб юборилгани, бироқ ҳеч ким жароҳатланмагани ва ҳеч ким ҳибсга олинмаганини айтади.
Аммо намойишчилар кўплаб кишилар автобусларга солиб олиб кетилганини айтишмоқда.
Уч машина, шу жумладан армияга тегишли автобусга ҳам ўт қўйилган.
Ҳусни Муборак ағдарилганидан кейин Мисрни бошқариб турган армия амалларидан тобора кўп мисрликлар норози бўлаяптилар.
Бугун Мисрда нуфузли ҳарбий мулозимлар Муборак тармоғининг қолдиқлари билан тил бириктирётгани, Муборакни ҳимояга олиб, унинг жиноий жавобгарликка тортилишига, ваъда қилинган ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани борасидаги фикрлар жамиятда кучаймоқда.
Шу сабабдан Таҳрир майдонига йиғилганлар ҳозир Мисрнинг муваққат раҳбари лавозимини ўтаётган Муҳаммад Ҳусайн Тантовий истеъфосини талаб қилганлар.
"Муборак бу Тантовий, Тантовий бу Муборак" деган ҳайқириқлар янграган.
Ҳусни Муборак ва унинг оиласи аъзолари маҳкамага тортилсин деган талабни илгари сураётганлар сони 100 минглаб кишини ташкил этаяпти.




























