Босния серблари ҳарбий қўмондони Ратко Младич ҳибсга олинган

Сурат манбаси, Getty Images
Уруш жиноятларини содир этганлик айблови билан жаҳонда қидирув эълон қилинган 1990 йиллардаги Югославиядаги уруш пайтида Босния сербларининг ҳарбий қўмондони бўлган Ратко Младич ҳибсга олинган.
Бу ҳақда Сербия Президенти Борис Тадич махсус уюштирилган матбуот анжуманида эълон қилди.
Жаноб Тадич генерал Ратко Младичнинг Сербия ҳудудида қўлга олинганини айтган, бироқ ҳибсга олиш амалиёти тафсилотларини очиқламаган.
Сербия президенти айтишича, қидирувдаги генерал нега шу пайтгача яшириниб юришга муваффақ бўлганига аниқлик қиритиш керак.
Журналистларга кўра, Младичнинг ҳибсга олингани ҳақида Сербияга Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кэтрин Эштон сафари бошланган кунда эълон қилинган.
Матбуот анжуманида Президент Борис Тадич Сербия ўзининг Уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал олдидаги мажбуриятини бажарди, деб айтган.
Ратко Младич Босния уруши пайти Серблар раҳбари Радован Караджич армиясининг бош қўмондони бўлган.
Младич ва Караджич Босниядаги қонли ҳодисалар пайтида хорватлар ва мусулмонларга қарши Серб кампаниясининг рамзларига айлангандилар.
Босния қирғинида айбдор топилган генерал
БМТнинг уруш жиноятлари трибунали Ратко Младични қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топган, бу жиноятлар орасида 1995 йилда Сребреница шаҳарчасида камида 7 ярим минг мусулмон эркаклари ва ўғил болаларини қирғин қилиш ҳам бор.
Ратко Младич бир муддат Белградда эмин-эркин яшаб юрган, 2001 йилда Югославиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич ҳибсга олинганидан кейин ғойиб бўлган эди.
2004 йилдан Сербия раҳбариятига босимлар кучайди, расмий Белграддан халқаро ҳамжамият Уруш жиноятлари Халқаро трибунали билан ҳамкорлик қилишни талаб қила бошлади.
Ўша йил октябрида Младичнинг собиқ сафдошлари ўзларини трибуналга топширдилар.
Ўз ихтиёри билан келганлар этник тозалаш амалиётларида иштирок этганликда айбланган Радивож Милетич ва Милан Гверолар эди. Радован Караджич 2008 йил июлида Белградда ҳибсга олинганидан кейин Ратко Младич ҳам тез орада қўлга олинади деган хабарлар тарқалган эди.




























