Форс кўрфази давлатлари Суриядан ўз кузатувчиларини чақириб олди

Сурат манбаси, a
Форс Кўрфази Ҳамкорлик Кенгашининг маълум қилишича, Суриядаги Араб Лигаси кузатувчилари гуруҳи таркибидан ўз аъзоларини чақириб олади.
Кенгаш шунингдек, Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини Дамашққа кўпроқ босим ўтказишга даъват қилди.
Кенгашга аъзо олти давлат БМТни Сурия борасида Араб Лигаси чиқарган тавсияларни тадбиқ этиш йўлида қўлдан келган барча чорларни ишга солишга чақирди.
Аввалроқ Сурия президенти Башар ал-Ассад Араб Лигасининг истеъфога чиқиш ва сайловларни ўтказиш даъватини рад этганди.
Ўтган якшанба куни Саудия Арабистони кузатувчилар гуруҳидан ўз аъзоларини чиқариб олиши ҳақида маълум қилди. Саудия расмийларига кўра, Дамашқ тинчлик ташаббуси йўлида ўз устига олган ваъдаларини бузган.
Форс Кўрфази Ҳамкорлик кенгашига Баҳрайн, Қувайт, Оман, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари аъзодир.
Би-би-си мухбирига кўра, Форс кўрфази давлатларининг бу қарори Араб Лигаси кузатувчилари гуруҳи учун катта зарбадир.
Якшанба куни Араб Лигаси президент Башар ал-Ассадга ўз ўринбосарига қудратни топишириш ва мухолифат иштироки билан икки ой мобайнида сайловларни ўтказиш режасини илгари сурганди.
Сурия бу режани "мамлакат ички ишларига қўпол аралашув", дея қатъиян рад этди.
Сурия Ташқи Ишлар Вазири баъзи араб давлатларини мамлакатни издан чиқариш йўлидаги иғвога қўшилишда айблади.
Сурия расмийлари мамлакатда кенг қулоч ёйган норозиликлар ортида хориж кучлари турганлигини анчадан бери даъво қилиб келадилар.
БМТ маълумотларига кўра, 10 ойдан бери давом этиб келаётган норозиликлар мобайнида 5 мингдан ортиқ киши ҳалок этилган.
Сурия расмийлари эса ҳукумат кучлари таркибидан қочиб чиққан аскарлар ҳужумлари оқибатида Хавфсизлик Кучларининг 2 мингга яқин аскари ўлдирилганлигини айтадилар.




























