Абу Қатада бир неча кун ичида озод этилади

Сурат манбаси, AP
Британиялик мусулмон даъватчи Абу Қатада кафолат асосида бир неча кун ичида озодликка чиқарилади.
Муҳожирлик аризалари бўйича Британия Махсус комиссияси ана шундай хулосага келган.
Британия ҳукуматининг баён қилишича, Абу Қатаданинг озодликка чиқарилиши хавфсизлик хавотирларини туғдиради.
Британия Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқшунослари радикал уламони Иорданияга депортация қилиш масаласи кўрилаётган бир пайтда уни озод этишларига қарши чиққанлар.
Бир неча кун муқаддам Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси Абу Қатаданинг Иорданияга депортация қилинишини тўхтатиб қолганди.
Оврўпо маҳкамаси Иорданияда у қийноққа тутилиши мумкин деган хулосага келган.
Абу Қатада Иорданияда террорчиликда айбланмоқда.
Британия Махсус комиссияси тинглови пайтида даъватчининг ҳимоячилари уни қамоқхонада ортиқ ушлаб туриш асоссиз дея таъкидлаганлар.
Ҳакам Миттинг Абу Қатада депортацияси Оврўпо маҳкамаси томонидан тўхтатиб қолингани учун уни кафолат асосида қўйиб юбориш мақсадга мувофиқ эканини айтган.
Яқин кунларда Абу Қатада Вустершир графлигидаги қамоқхонадан озодликка чиқади ва Лондонга келади.
Абу Қатада ҳимоячиси Фитсжералд руҳоний қамоқхонада олти ярим йил ўтиргани айтган.
Ҳимоячига кўра, даъватчига бу давр ичида расмий айблов қўйилмаган.
Абу Қатада, фақат “миллий хавфсизлик” нуқтаи назаридан ушлаб турилган, деб айтган адвокат Фитсжералд.
Асл исми Умар Усмон бўлган Абу Қатада Оврўпода жиҳод ғоясини қўллаб-қувватловчи энг нуфузли мусулмон даъватчиларидан бири ҳисобланади.
Аввалроқ британиялик ҳакамлар Абу Қатада мамлакат хавфсизлигига реал таҳдид солади дея эълон қилишганди.
Британия Ички ишлар вазири Тереза Мэй 51 ёшли даъватчининг қамоқдан чиқариб юбормасликни талаб қилмоқда.
Унга кўра, Иордания Абу Қатадага нисбатан қийноқ қўлламасликка ваъда бергунга қадар у қамоқда ушлаб турилиши керак.
Страсбург маҳкамаси қарорига мувофиқ, Британия Иордания билан маҳбусларни алмашиш ҳақида битим имзолаган эса-да, Қатада Иорданияга депортация қилинса, ноинсоний муносабатга юз тутиши мумкин.
Иорданияда икки маҳкама Абу Қатадани сиртдан терроризмда айбдор деб топган.































