Ливия собиқ бош вазири Тунисдан экстрадиция қилинган

Сурат манбаси,
Тунис президенти мамлакат вазирлар маҳкамасининг қарорини ноқонуний деб атаган.
Тунисда бўлган Қаддофий сафдоши президентнинг розилигисиз 24 июнда Ливияга чиқариб юборилган.
70 ёшли Ал-Бағдодий ал-Маҳмудий Муаммар Қаддофий армияси Триполида назоратни бой берганидан сўнг 2011 йил августида Ливиядан Тунисга қочиб келган.
Сентябр ойида жаноб ал-Маҳмудий чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб ҳибсга олинган.
Тунис президенти Монсеф Марзукийнинг айтишича, бош вазир Ҳамид Жибалий ал-Маҳмудийни Ливияга топшириш қарорини у билан маслаҳатлашмаган.
Ливия собиқ бош вазири Тунисда мамлакатга ноқонуний кирганлиги учун ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, унинг апелляция аризаси туфайли қамоқ жазоси бекор қилинган бўлсада, Ливия ҳукумати экстрадициясини сўрагани учун озодликка чиқарилмаган.
Ал-Бағдодий ал-Маҳмудий Ливияга тикучарда етказилган.
Олдинроқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ливияда Маҳмудий ҳуқуқлари бузилиши мумкинлигидан хавотир билдириб, Тунис ҳукуматидан уни экстрадиция қилмасликка чақиришган.
Ал-Маҳмудий ҳимоячилари унинг собиқ тузумнинг катта сирларини билган инсон сифатида ҳаёти хавф остида эканлигини айтишган.
Ливия ҳукумати ўз навбатида барча қўлга олинганларга қонун доирасида муомала қилинишини таъкидлаган.
Тунис ҳукумати расмийларига кўра, экстрадиция ҳақидаги қарорга президентнинг розилиги талаб қилинмаган.
Ҳужжатда айтилишича, Тунис делегацияси Ливияда бўлиб, одил маҳкама ўтказиш учун ҳамма шароитлар борлигига амин бўлгач, бу қарор берилган.
Ливия собиқ раҳбари Муаммар Қаддофий 2011 йил октябр ойида қўзғолончилар томонидан ўлдирилган.




























