"Сурия дўстлари" исёнчиларни қуроллантиришга чақирди

АҚШ Сурия ҳукумати кимёвий қуролларни қўллагани учун исёнчиларни қуроллантиришга бел боғлаганини айтган
Сурат тагсўзи, АҚШ Сурия ҳукумати кимёвий қуролларни қўллагани учун исёнчиларни қуроллантиришга бел боғлаганини айтган
Published

Президент Башар ал-Ассаднинг истеъфосини талаб қилувчи "Сурия дўстлари" гуруҳига кирувчи мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари исёнчиларни қуроллашга чақирганлар.

Қатар пойтахти Доҳада очилган йиғинда Қатар Бош Вазири Ҳамад бин Яссим Жобир ал-Тани исёнчиларни "қуроллантириш тинчликка эришишнинг ягона йўли" эканини айтди.

Бироқ айни дамда у ва АҚД Давлат Котиби Жон Керри бу жараёнда мувозанатга эришиш ва Сурия ҳукуматини музокараларга рози қилиш муҳим эканини айтганлар.

"Сурия дўстлари" гуруҳига АҚШ, Британия, Франция, Олмония, Саудий Арабистони, Туркия, Миср ва Иордания киради.

Бу учрашувдан бир ҳафта илгари АҚШ Суриядаги исёнчиларга "бевосита ҳарбий ёрдам" беришини айтганди.

АҚШ ўз қарорига Сурия ҳукуматининг кичик кўламли кимёвий қуролларни ишга солгани борасидаги далил-исботлар сабаб бўлганини билдирган.

"Сурия дўстлари" гуруҳи Россия ва Хитойнинг Сурия борасидаги БМТ резолюцияларига тўсиқ қўйиши ортидан барпо этилганди.

Шанба куни Қатар бош вазири БМТ Хавфсизлик кенгашида келишувга эришилмагани уларнинг илгари қадам ташлашига тўсиқ бўла олмаслигини айтган.

У Сурия исёнчиларини фақат руҳий қўллаб-қувватлаш кифоя эмаслиги ҳақида гапирди.

Айни пайтда Сурияда шанба куни ҳукумат кучлари пойтахт Дамашқ шимолидаги исёнчилар истеҳкомларига қарши ҳужумларни кучайтирган.

Маҳаллий фаоллар қатор мавзелар бомбардимон қилинганини хабар қилдилар.

Исёнчилар, ўз навбатида, шимолдаги Ҳалаб шаҳрида янги ҳужумларини авж олдирганларини эълон қилишди.

Икки йил аввал бошланган можарода шу кунгача 90 минг одам ҳалок бўлган.

Сурия ҳукумати хорижий кучлар томонидан дастакланаётган "террорчилар"га қарши курашаётганини айтади.