Покистон армияси "жангариларга қарши" ҳаводан ҳужум қилди

Шимолий ва Жанубий Вазиристон Покистон ҳаракатининг асосий қароргоҳларидан ҳисобланади
Сурат тагсўзи, Шимолий ва Жанубий Вазиристон Покистон ҳаракатининг асосий қароргоҳларидан ҳисобланади
Published

Покистон расмийларига кўра, армия мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Шимолий Вазиристонда жангарилар қароргоҳларига ҳаводан ҳужум қилиб, камида 30 нафар инсонни ҳалок этган.

Жанубий Вазиристонда ҳам жанглар юз бергани хабар қилинади.

Ўтган ҳафта Толибонга алоқадор гуруҳ 23 нафар аскарни ҳалок этганини эълон қилиши ортидан Покистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолганди.

"Жангарилар Жанубий Вазиристон ва Шимолий Вазиристон ўртасидаги бир ҳудудни босиб олиб, у ерда худкуш ҳужумчиларни тайёрлаш марказини ташкил қилганлар," - деб айтган исми ошкор этилишини истамаган ҳарбий мулозим.

Рейтер ахборот агентлиги хабарига кўра, сешанба кунги ҳаво ҳужумлари Шимолий Вазиристоннинг Датта Хел минтақаси Шавол водийсида содир этилган.

Талафотлар ҳақидаги хабар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Ҳаво ҳужумларидан бир кун аввал Покистондаги Толибон ҳаракатининг катта қўмондонларидан бири Асматуллоҳ Шоҳин Шимолий Вазиристонда отиб ўлдирилгани хабар қилинганди.

Асматуллоҳ Шоҳин ўтган йили Толибон ҳаракати раҳбари Ҳакимуллоҳ Меҳсуд АҚШ дрон ҳужумлари натижасида ҳалок бўлиши ортидан бир муддат ҳаракатнинг муваққат раҳбари бўлганди.

Шоҳин ким томонидан ҳалок этилгани аниқ эмас.

Ўтган ҳафта Муҳманд минтақасидаги жангарилар 2010 йилда ўғирлаб кетилган 23 аскарни ҳалок этганини эълон қилиши ортидан ҳукумат Толибон билан режалаштирилган учрашувни бекор қилганди.

Ҳукумат аскарларининг ўлдирилиши ва яна бошқа қатор зўравонликлар мамлакат армиясини пайшанба куни жангарилар минтақаларида ҳаво ҳужумларини уюштиришга ундади.

Ҳукуматга кўра, мазкур ҳаво ҳужумида камида 38 нафар жангари ҳалок этилган.

Покистон ҳарбий учоқлари ўтган ой ҳам Шимолий Вазиристонда жангариларга қарши ҳаво ҳужумларини уюштирганди.