Афғон сайлов натижаларининг 50 фоизи Абдулла олдинда эканини кўрсатди

Сурат манбаси, reuters
Афғонистонда 5 апрелда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижасининг бир қисми эълон қилинар экан, Абдулла Абдулла номзодлар ичида ҳали ҳам етакчилик қилаётгани намоён бўлган.
Афғонистон Мустақил Сайлов Комиссиясининг раиси Аҳмад Юсуф Нуристоний якшанба куни натижаларни эълон қилди.
Улар сайловларда берилган 7 миллион овознинг қарийб ярмига асосланган.
Президент Ҳомид Карзайнинг собиқ сайловларда рақиби бўлган Абдулла Абдулла 44% овозларни олишга муваффақ бўлган. Унинг рақиби - собиқ молия вазири ва Жаҳон Банки расмийси Ашраф Ғани Аҳмадзай 33,2 фоиз овозлар билан иккинчи ўринда кетаяпти.
Аҳмадзай жаноблари ўзбеклар лидери Генерал Абдулрашид Дўстим, ҳамда ўзбек ва туркман сайловчилар дастагига эга.

Мазкур натижалар якуний бўлмасада, номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиз ола олмаслиги ва иккинчи босқич сайловлар бўлиб ўтишига ишора қилади.
Иккала номзод ҳам 50 фоиз, яъни мутлақ ғалабани қўлга киритолмаган тақдирларида, иккинчи сайловда иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришган.
Кобулдаги Би-би-си мухбири Девид Лойннинг айтишича, икки номзод Доктор Абдулла ҳукмронлиги остида иттифоқ ҳукуматини тузишга ҳам келишиб олишлари мумкин.
Толибон сайловларнинг биринчи қисмини издан чиқаришга муваффақ бўлмади, бироқ, мухбиримизга кўра, жанглар мавсуми деб ном олган мавсумнинг иссиқроқ ҳаво шароитларида Толибон хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкин.
Мустақил Сайлов Комиссиясининг раиси иккала номзод иттифоқ ҳукуматини тузиш учун "савдолашмоқчи" бўлсалар, у буни қўллаб-қувватламаслиги, бироқ айни дамда, музокараларни тўхтата ҳам олмаслигини айтди.
Агар қолган овозлар натижалари эълон этилиши билан Доктор Абдулла янада илгарилаб кетса, унинг иттифоқ ҳукуматини тузиши эҳтимоллари катта бўлади.































