Google ширкати рулсиз ва педалсиз машиналар ишлаб чиқармоқчи

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Google ўзининг автомат тарзда бошқариладиган машиналарини синаб кўрган. Бундай машиналарни бошқариш ягона "бошлаш-тўхташ" тугмаси орқали амалга оширилади.

Машинада рул ҳам, педаллар ҳам, тезликни ўзгартирадиган мослама ҳам бўлмайди.

Google ўз лойиҳасининг дастлабки суратларини ва видеосини намойиш қилган. Унга кўра, машина кўриниши жуда ихчам, ёқимтой, шу жиҳатдан одамларда бошқариладиган транспорт лойиҳасига кўникма уйғота олиши мумкин.

Калифорниядаги анжуманда чиқиш қилган ширкат асосчиларидан бири Сергей Брин ўзи бошқариладиган машиналарни ишлаб чиқариш режалари ҳақида гапирган.

"Биз бу машинамиздан умидимиз катта. У ўзи бошқариладиган машина имкониятларини кенгайтиради ва бу бу соҳадаги камчиликларни тушунишга ёрдамлашади", дейди лойиҳа раҳбари Крис Армсон.

Унинг айтишича, "бундай машиналар одамларнинг ҳаётларини яхшилаб, бошқарув тушунчасини ўзгартиради".

Бироқ бу соҳада ишловчи баъзи тадқиқотчилар янги технологиянинг муҳим камчиликлари борлигига эътибор қаратишади.

Уларнинг фикрича, автомат бошқариладиган машиналар йўллардаги вазиятни мураккаблаштириб, тиқилинчларни юзага келтиради. Сабаби, жамоат транспортини маъқул кўрган кўпчилик одамлар бундай машиналарни бошқариш керакмаслиги учун унга ўтиришади ва йўл ҳаракатини қийинлаштириб қўйишади.

Мултфилмдаги машиналар

Би-би-си мухбири Googleнинг ихтирочилари билан учрашиб, улар билан қисман ошкор этилган лойиҳа тўғрисида гаплашишга ва ўзи бошқариладиган машинанинг нусхаларини кўришга муваффақ бўлган.

Анъанавий олд капотсиз ва икки томондаги оёқларсиз улар худди мултфилмдагига ўхшайди.

Унга икки киши сиғади, двигатели электрли, тезлиги хавфсизлик нуқтаи назаридан соатига 40 км дан ошмайди.

Ҳаммасидан фарқли жиҳати албатта, машинада битта тугмачадан ташқари одатдаги бошқарув воситалари умуман йўқ.

Тўғриси, машинани синов пайтида унга барибир қўл билан бошқариладиган жиҳозлар ўрнатилади. Зарур бўлиб қолганда, ҳайдовчи бошқарувни ўз қўлига олиши мумкин.

Бироқ бу ҳам анъанавий жиҳозлардан фарқ қилиб, улар машинага махсус восита орқали ўрнатилади.

Крис Армсон айтишича, вақт ўтиб, янги технологиялар ишончни қозонгач, қўшимча воситаларни олиб қўйса бўлади.

Автомобилнинг олд қисми шундай ишланганки, пиёдани максимал даражада ҳимоя қилиш учун бампери юмшоқ, губкага ўхшаган материалдан тайёрланган.

Машинада шунингдек, тўқнашув натижасида жароҳатланишдан сақлайдиган эгилувчан шамол ойнаси ўрнатиш кўзланган.

Машинада радар ва лазер мосламалар, машина компютерини маълумот билан таъминлайдиган видеокамера бўлади.

Машинага ўрнатилган компьютер шу лойиҳа учун махсус ишланган Google йўл хариталаридан фойдаланади.

Google ширкати ўз автомашиналари автоматик тартибда 70 минг мил босишга улгурганини эълон қилди.

Айни пайтда лойиҳачилар кўпроқ мураккаб бўлган муаммо- шаҳар кўчаларида ҳаракатланиш устида ишламоқдалар.

Google машинаси йўлда.
Сурат тагсўзи, Google машинаси йўлда.

Ширкат Детройтдаги заводда шундай машиналардан 200 та йиғиш ва синаб кўришни режалаштирган.

Шу йил ичида биз бундай машиналарни кўчаларда кўришимиз мумкин", деб ваъда қилади Крис Армсон.

Бу лойиҳа тарафдорлари ўзи бошқариладиган машиналар транспорт тизимида инқилоб ясаб, автоҳалокатдан асрайди ва ҳавога чиқариладиган заҳарли газ миқдорини камайтиради деб ишонадилар.

Бироқ авторанспорт тадқиқотлари маркази директори Стэнфорд Свен Бейкернинг огоҳлантиришича, ўзи бошқариладиган машиналарда барибир ҳайдовчи томонидан фавқулодда вазиятларда назоратни талаб қилинади.

Яна бир хавфли томони, бундай автомашиналарга ўрганган одам ҳайдаш малакаларини тез йўқотиши ҳам мумкин.

Бу эса фавқулодда вазиятларда, автомат машинани бошқаришда қарор қабул қилолмай, ҳайдовчидан маслаҳат сўраганда айниқса хавф туғдиради, дейди тадқиқотчи Стэнфорд Бейкер.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.