Экспертлар: НАТО ва Россия ўртасидаги танглик ортиб бормоқда

Сурат манбаси, BBC World Service
НАТО ва Россия муносабатлари март ойида Қрим аннексиясидан кейин кейин сезиларли даражада ёмонлашди, дея таъкидланади хавфсизлик масалалари бўйича ғарблик экспертлар ҳисоботида.
Оврўпа раҳбарияти тармоғи (European Leadership Network) экспертлари охирги 8 ой ичида Россия ва НАТОга аъзо давлатлар ўртасида қирққа яқин хавфли ҳодисалар юз берганини қайд этдилар.
Улар 11 ҳодисани, жумладан, Эстония хавфсизлик полицияси ходимининг Россия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилишини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек ҳисоботда Швеция сув ҳудудларида Россияга тааллуқли экани тахмин қилинган сув ости кемасининг қидирилгани алоҳида тилга олинади.
Жорий йилнинг 3-мартида бағрида 132 йўловчиси билан Копенгагендан Римга парвоз қилган SAS авиа ширкатига тегишли учоқ, ҳавога кўтарилиши биланоқ, Россия жосус учоғига тўқнашиб кетишига бир баҳя қолган.
"SAS ширкати учувчилари маҳорати туфайлигина тўқнашув юз бермади", - дейилади Оврўпада ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи ташкилот - European Leadership Network экспертлари тайёрлаган ҳисоботда.
Лондонда жойлашган ушбу ташкилотнинг директори Иэн Кирнс Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги танглик жиддий можарога айланиб кетмаслиги учун амалий тадбирлар олишга чақирди.
"Биз учун жиддий вазифа мулоқотни уюштиришдир. Унда биз вазият назорат остидан чиқса бу ҳеч кимнинг, жумладан на Путин ва на Россиянинг манфаатига хизмат қилмаслигини очиқча айтмоқчимиз. Мен очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ўтказиш керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳозирда Россия раҳбарияти, нима қилсак ҳам оқибати ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлаётганга ўхшайди", - деди Иэн Кирнс Би-би-си билан суҳбатда.
Шу йилнинг сентябр ойи бошларида Россия армияси Канада яқинидаги Лабрадор денгизида қанотли ракеталарни синовдан ўтказди.
Россия учоқлари Канада ҳаво ҳудудига ўтмаган эса-да, бу амал НАТО томонидан "иғвогарона" дея баҳоланди.
Еттинчи сентябрда эса Россия учоғи Қора денгиздаги Канаданинг "Торонто" фрегатидан 300 метр баландликда катта суръатда учиб ўтди.
НАТО хабар беришича, 2014 йилда НАТО учоқлари юздан зиёд Россия учоқларини тутиш учун ҳавога кўтарилган.
Бу 2013 йилга нисбатан уч баравар кўпдир.
Британия Ҳарбий ҳаво кучлари хабар беришича, ноябр ойи бошида Британия ҳаво чегарасига Россия бомбардимончи учоғи яқинлашар экан Британия Typhoon қирувчи учоқларини ҳавога кўтаришга мажбур бўлган.
Россиялик ҳарбий экспертларга кўра, бу Россия ҳаво ҳудудлари яқинларида жосуслик парвозларини давом эттираётган ғарб ҳаво кучларига жавоб амалидир.
Апрел ойида НАТО Россия билан фуқаровий ва ҳарбий ҳамкорликларни бутунлай тўхтатишини эълон қилганди.































