Дунёда террористик ҳужум қурбонлари кескин ошган

Published

Халқаро терроризмни тадқиқ қилган Global Terrorism Index ҳисоботига кўра, 2012-2013 йил орасида дунёда террористик ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 61 фоизга ошган.

Шу билан бирга ҳалокатли ҳужумлар сони 44 фоизга кўтарилган, 2013 йилда қарийб 10 минг теракт ҳодисалари амалга оширилган, дейилади сешанба куни чиқарилган Global Terrorism Index ҳисоботида.

Унда таъкидланишича, аксарият ҳужумларнинг масъулияти "Исломий Давлат", Ал-Қоида", "Боко Ҳарам" ва "Толибон" ҳаракати жангарилари зиммасидадир.

2013 йилда террористик ҳужумлардан энг кўп Ироқ азият чеккан- у ерда қурбонлар сони олти мингдан ошган.

Бундан ташқари Афғонистон, Покистон, Нигерия ва Сурияда ҳам қурбонлар сони ўта юқорилиги келтирилган.

Умумий ҳисобда терррорларнинг 80 фоизи ушбу беш давлат ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, Ҳиндистон, Сомали, Филиппин, Яман ва Таиланд кейинги бешталикка киритилган бўлиб, глобал терроризм қурбонларининг 1 дан 2,5 фоизи бу мамлакатларга таалуқли.

2013 йилда бутун дунёда қарийб 18 минг инсон террор қурбонлари бўлишди, дейилади ҳисоботда.

Мамлакатларнинг бундай ўзига хос рейтингини ўрганадиган Дунё ва Тинчлик институтининг раҳбари Стив Виллелининг сўзларига кўра, 2013 йилда терроризмнинг бу тарзда кескин ошиши кўп тарафлама Суриядаги фуқаролар уруши билан изоҳланади.

"Терроризмни қурол қилиб олган юқоридаги тўрт гуруҳ ҳам экстремистик ваҳҳобийликка асосланган диний мафкурадан фойдаланади".

"Диний экстремизмнинг бу тарздаги кўтарилишига қарши туриш учун, Ислом оламида мўътадил сунний оқимни тарғиб қилиш лозим", дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, ҳисоботда экстремистларга ташқаридан туриб эмас, Ислом дунёсининг ичида таъсир ўтказиш керак.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, диний мафкура террорнинг асосий сабабларидан бири эмас.

"Терроризмдан холи кўпгина тинч мусулмон давлатлари бор, Қатар, Қувайт каби мусулмон давлатлар бошқа ижтимоий, сиёсий ва геополитик омилларнинг таъсирини намоён қилиб келади.

"Шунингдек, кўп мамлакатларда терроризм сиёсий, миллатчилик ва айирмачилик ҳаракатлари орқасидан келиб чиқиши кузатилади".

Ҳисобот 2013 йил 31 декабргача бўлган маълумотларга таяниб тузилган.

"Албатта 2014 йил якунлари ҳақида башорат қилишни хоҳламайман, бироқ вазият қандайдир тарзда яхшиланишини ҳозир тасаввур қилиш қийин"- дейди Стив Киллели.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002