ИШИД: ‘Муҳаммад пайғамбар ҳажв этилган кўргазмага биз ҳужум қилдик’

Published

Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг баён қилишича, Далласдаги Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв этилган карикатуралар намойишга қўйилган кўргазма биносига “халифатнинг икки аскари” ҳужум қилган.

Дунёдаги энг қудратли бу жангари гуруҳ бу ҳақда бугун – сешанба куни ўзининг онлайн-радиоси орқали маълум қилган.

“Ал-Баён” радиосининг хабар беришича, кўргазма “Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг салбий аксларини намойиш этаётган бўлган”.

“Исломий Давлат” ўз аскарлари эканини айтаётган ҳар икки қуролли шахс ҳам отишма сатҳида отиб ўлдирилган.

Мухбирларимизга кўра, бу – “Исломий Давлат”нинг АҚШ тупроғида ҳужум уюштирганига оид илк даъвоси бўлади.

“Биз бу билан Америкага янада йирикроқ ва янада “аччиқроқ” ҳолатга ҳозир туришлари, “Исломий Давлат” аскарлари жуда ёмон ишлар қилишларига гувоҳ бўлишларини айтмоқчимиз”, дейилади гуруҳнинг баёнотида.

Бундан сал аввал маҳаллий масъуллар маҳкама ҳужжатларига таяниб, Техасдаги Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв қилинган карикатуралар намойишга қўйилган кўргазма биносига ҳужум қилган икки қуролли шахсдан бири террорчилик амалларида гумон қилинган шахс бўлганини айтишганди.

Ҳодиса кеча душанба куни Далласда юз берган ва икки ҳужумчининг отиб ўлдирилиши, бир нафар қўриқчининг яраланиши билан якун топганди.

Ораларида ўзининг ўта аксилисломий қарашлари билан танилган голландиялик сиёсатчи Герт Вилдерс ҳам бўлган кўргазма иштирокчиларига бирон зиён-заҳмат етмаганди.

Кўргазма ўзининг зиддиятли фаолияти билан танилган “Эркинликни ҳимоя қилиш учун Америка ташаббуси” ташкилоти томонидан уюштирилган ва Муҳаммад пайғамбар ҳажв этилган энг яхши карикатура учун 10.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ҳам белгиланганди.

Аён бўлишича, террорчилик амалларида гумон қилинган Элтон Симпсон 2006 йилдан буён кузатув остида бўлган.

2010 йилда ўзининг жиҳод қилиш учун Сомалига бориш режаси ҳақида масъулларни алдаганликда айбдор, деб топилган.

Унга уч йиллик синов муддати берилиб, 600 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилган.

Аммо ҳакам унинг ишида халқаро террорчилик унсури бор, деган хулосага келиш учун етарлича асос йўқ, деб топган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси эса, ўзлари Аризонада террорчилик уяси ташкил қилиш ҳаракатида юрган, деб ишонган шахс билан алоқада бўлгани учун Элтон Симпсонни кузатишда давом этишган.

Аён бўлишича, Элтон 2009 йилда жосуслардан бирига “Сомалига боришнинг вақти келгани” ва “Сомалини жанг жабҳасига айлантиришлари” ҳақида айтиб берган.

Сўнгроқ уни ўзининг аввалига Жанубий Африка, кейин у ердан Сомалига ўтиш режасида эканидан ҳам огоҳ этган.

Техасдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Нодир Суфий исмли иккинчи қуролли шахс Элтоннинг ижарадоши бўлган. Улар Аризонада битта квартирани ижарага олиб, бирга яшашган.

Элтон Симпсоннинг оиласи унинг Далласдаги кўргазмага ҳужум қилиш режасидан буткул бехабар эканликларини айтишган.

Аммо хос баёнот билан чиқиб, юз берган ҳодисадан ўзларининг “қайғу ва шокда эканликлари”ни билдиришган.

Далласдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, отишма чоғида оёғидан яраланган қўриқчининг аҳволи яхши, касалхонада кўрсатилган тиббий ёрдамдан сўнг, уйига жавоб берилган.

Бомбаларни зарарсизлантирувчи махсус гуруҳ икки қуролли шахс бўлган машинани кўздан кечиришган, аммо қўшимча ўқ-доридан бошқа нарса топиша олишмаган.

Душанба кунги ҳужум Оқ Уйнинг диққат-эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Оқ Уй вакилининг билдиришича, бу хусусда президент Барак Обама ҳам огоҳ этилган.

Жош Эрнст жаноблари бу каби зўравонликларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтган.

Далласдаги ҳодисага муносабат билдираркан, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бу каби жиноятларнинг дин ва эътиқодга ҳеч бир алоқаси йўқлигини баён қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio